MP3

Ассалому алайкум. Ишаё. Бу пайғамбарнинг ҳаёти, қилган ишлари, сифатлари ҳақида бир нечталаб китоб ёзиш мумкин. Чунки у Муқаддас Каломдан эгаллаган китоблардан энг каттасининг муаллифи. Бугун биз Ишаёнинг тўртта шоҳни ҳукмронлиги даврида яшаган ҳаёти ҳақида суҳбатлашамиз. Чиндан ҳам Ишаё тўртта шоҳнинг ҳукмронлигини кўрган. Улар Уззиё, Йўтам, Аҳаз, Ҳизқиё. Ишаё пайғамбарнинг ҳизмати тахминан 40 йилга чўзилган. У эрамиздан аввал 740 йилдан то 701 йилга қадар хизмат қилган. Ишаё пайғамбар Исроил шоҳлиги иккига бўлиниб кетган вақтда хизмат қилган. Шоҳ Сулаймоннинг ўлимидан сўнг Исроил шоҳлиги иккига жанубий ва шимолий шоҳликка бўлиниб кетди. Шимолий шоҳликни Исроил деб аташда давом этишди, жанубий шоҳлик эса Яҳудо деб атала бошланди.

Муқаддас шаҳар Қуддус ҳам Яҳудо шоҳлиги ерида эди. Ўша даврда Худонинг пайғамбарларидан Ҳўшея, Мика ва Ишаё халққа Худонинг сўзларини етказиб турардилар. Ишаё исмининг маъноси «Худо қутқаради», демакдир. Ишаё нажот сўзини ўзининг китобида 27 мартда такрорлаган. Ишаё оилали эди. У Ишаё китобининг 8 боби 3 оятида рафиқасини, пайғамбар аёл деб атаган. Унинг севимли аёлини шундай аташи мақтовга лойиқ, шундай эмасми? Ишаёнинг икки ўғли бўлган: Шер Йашуб ва Маҳар Шалал-Ҳаш-Боз. Ишаё яхши тарбия кўрган, маълумотли ҳамда шоҳлар авлодидан келиб чиққан эди. У Қуддусда туғилган бўлса ҳам ажаб эмас. Худо уни Муқаддас Каломдаги энг катта китоб автори бўлишга илҳомлантирган. Суҳбатимизни бошида у тўртта шоҳнинг ҳукмронлигини кўрган дегандик.

Худо Ишаёни шоҳ Уззиёнинг ўлимидан сўнг чақирди. Бу тасодиф эмас эди. Шоҳ Уззиё 16 ёшида тахтга ўтирган, унинг ҳукмронлиги даврида Қуддус гуллаб яшнади. Уззиё шоҳлигини мустаҳкамлаш ва ҳимоялашга катта эътибор қаратди. У ҳар доим жангларда ғалаба қозонар, ва шоҳликка қаддини ғоз тутиб, кириб келарди. Ўша пайтда бола бўлган Ишаё ҳам, уни ўзининг энг яхши кўрган кишиси даражасига чиқариб қўйган эди. Ўшанда Ишаё ўртоқлари билан ўйнаб юрар экан, шоҳ Уззиёнинг жанглардан ғалаба билан қайтишини кўрган ва уни буюк ҳисоблаган. Шоҳ Уззиё кичкина Ишаёнинг назарида энг буюк зот эди. Аммо Муқаддас Каломдаги оятга эътибор қилсангиз: «Худо Ишаёни шоҳ Уззиё вафот этган йили», — чақирди, деб ёзилган. Ишаё болаларча, Уззиёни бут қилиб олган эди. Ишаё китобида ҳам у ўзи ҳақида шундай дейди: «Шоҳ Уззиё ўлган йили мен Худони кўрдим.»

Ишаё тахтни тасаввур қилганда, унда албатта Уззиёнинг ўтирганини тасаввур қилган. Ишаё Худонинг чақириғини эшитди, кўрди. У Худонинг ярақлаб нур сочиб турган тахтини, тахт атрофида эса Худони олқишлаётган фаришталарни кўрган. Фаришталарнинг олқишларидан остоналар ҳам титраб кетарди. У кўз олдида намоён бўлган манзарага қарар экан, унинг ҳам Худони олқишлагиси келиб кетди. Бироқ муқаддас фаришталар Худони олқишлаганда, эшиклар ва остоналар титраяпти, мен нопок оғзим билан олқишласам қандай бўларкин? – дея ўйлади. У ўзининг гуноҳкор эканини ҳис қилиб, Худони нопок оғзи билан олқишлагиси келмади. У ҳеч нарса қила олмай қолди. У фақатгина ўзининг нопок ва гуноҳкор эканини тан олди ҳолос. Ўшанда унинг учун бундан ортиғи керакмасди. Сиз Ишаё пайғамбар ҳақида кўпроқ билишни истасангиз бизнинг кейинги суҳбатимизни ўтказиб юборманг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top