Ким ҳам боласининг қийналишини истайди. Ўта меҳрибон ота-оналар фарзандларига гард юқтирмасдан, катта қилишни истайдилар. Бироқ бу меҳрибончлик боланинг келажакда мустақил ва киришимли инсон бўлишига ҳалал беради. Болангизнинг мустақил, ҳамма ишни эплаб кетадиган, бир иши ўхшамаса шу ишни қайта-қайта қилишга кучи етадиган инсон бўлиши учун боланинг ёшлигидан мустақил бўлишга тайёрлаш керак. Биз ота-оналар ҳамма юмушларни тезроқ бажаргимиз келади. Бола ўз бўтқасини еб бўлгунича, кийингунича ва масалани ўзи ечгунича чидам билан кутиш лозим. Майли, булар ҳар бир бола енгиб ўтиши зарур бўлган биринчи қийинчиликлар бўла қолсин. Акс ҳолда бола ўзига паст назар билан қарайдиган, ожиз одам бўлиб вояга етади. Унинг ўз кучига ва ёшига муносиб ишларни ўзи бажаришига йўл қўйиб беринг.
Майли, бошида унчалик пухта бажармасин, хатоларга йўл қўйсин ҳам, аммо сиз уни ўз ҳолига қўйинг. Айтайлик, бола чизган уй қийшиқроқ чиқди, бироқ бу унинг катталарнинг ёрдамисиз бажарган илк меҳнати бўлади.
«Кўчага нимани олиб чиқасан: машинангними ёки паравозчангними?» «Ўйинчоқларингни қачон йиғиштирасан: ҳозирми ёки кечки овқат олдиданми?» «Қайси кўйлагингни киясан: кўкиними ёки сариғиними?» 5 ёшгача бўлган болакайга саволни икки хил жавоби билан таклиф қилинг ва ёши улғайгани сари уларнинг сонини ошириб боринг. Бебаҳо кўникма – ўзи танлашни ўрганиши учун боладан тез-тез: «Сен нима деб ўйлайсан?» «Қаёққа боргинг келяпти?» деб сўраб туринг.
Ахир мустақиллик – фақат бувисининг ёрдамисиз оёқ кийимларининг ипини боғлай олиш қобилияти ёки энагасиз ўзи мактабга боришгина эмас, балки қарорни ўзи қабул қилиши ва ўша қарори учун жавобгарликни ҳис эта олишдир. Шундай экан, «Пиёлани жойига қўй, синиб қолади!» ёки «Кўлмакдан юрма, оёғинг ҳўл бўлади!» деб қичқиришнинг ҳожати йўқ. Яхшиси, чинни ёки шиша идишнинг синиши, оёғини ҳўл қилганда шамоллаб қолиши мумкинлигига боланинг ўзи ишонч ҳосил қилсин. Эҳтимол, ҳаётий тажрибани бу тарзда орттириш катталарга ёқмас, аммо нимаям қилардик, бунинг бошқача йўли ҳали топилганича йўқ.
Болакай сайрга чиқиш учун ярим кун тайёрланади. Ақлли она «Тезроқ бўл, то сен кийингунингга қадар қоронғи тушади!» деб бақириш ўрнига ҳотиржам оҳангда «Майли, сен кийиниб тургин, унгача мен чой ичиб оламан.
Тайёр бўлганингда ўзинг айтарсан», дейди. Икки уч марта кўчага кечикиб чиқиб, дўстлари аллақачон уйга ухлаш учун кириб кетганини кўргандан сўнг боланинг ақли киради ва сайрга чиқиш учун тайёрланиши анча тезлашади. Болани койиш, у ўзини ёмон, эпсиз деб ҳис этишга мажбурлаш керак эмас. Ҳаётда кўп нарса унинг ўзига боғлиқ эканини ўзи тушуниб олади. Бир она 15 ёшли ўғлига дарс қилдиролмай хуноб. То онаси ишдан келиб, унинг ёнига ўтирмаса, китобини очмайди. Бу ҳолатга малакали мутахассис шундай дейди: «Ўсмир ўғлингизнинг жонига тегмасликка ҳаракат қилинг. Майли, бир марта икки ёки уч марта дарс тайёрламай мактабга борсин, бунинг оқибати қандай бўлишини кўрсин. Майли, «икки» баҳо ҳам олсин, шунда ҳар қандай – хоҳ яхши, хоҳ ёмон қилмишининг асоратлари бўлишини билиб олади». Бола ҳақидаги мавзумизни кейинги суҳбатларимизда давом эттирамиз.