Ассалому алайкум қадрдон тингловчилар. Келишмовчилик ва ҳис туйғуларингизни аниқлаштириб олгач, кейинги қадам – бошқа одамни тушунишга ҳаракат қилишга ўтиш керак. Киши табиатан худбин. Бу ҳақиқатни кўпчилик тан олмаса ҳам бир мисолни келтираман. Ҳис-туйғунгизнинг яхши ёки ёмонлигига қараб, ҳаракат қилганингизда, бу ҳаракатларингизни атрофингиздагилар оқламаслиги мумкин. Бундай ҳолатда эса улар сизни тушунишларини истайсиз. Киши биринчи ўринда бошқалар уни тушунишларини истайди. Нима учун бундай ҳаракат қилганингизни тушунтириб бермоқчи бўласиз. Бу билан ўзингизни оқлашга интиласиз. Фарангларда шундай мақол бор:
«Ҳаммасини тушуниш кечириш демакдир».
Бу гапда жон бор. Агар келишмовчиликнинг моҳияти сизга маълум бўлса, муаммо ўз-ўзидан йўқ бўлиш мумкин. Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмас. Кечирим бериш йўлида тушуниш бизга қайси ҳатти-ҳаракатларни оқлаш мумкин-у, қайси бирларини кечириш кераклигини аниқлашга ёрдам беради.
Мени хафа қилган одамнинг хатоси моҳиятини тушуниб унга шундай дейман:
«Бу бир тасодиф эди».
«Бу ростдан ҳам англашилмовчилик».
«Бунда ҳеч кимнинг айби йўқ».
«Сиз ўша нарсанинг таъсирига тушиб қолдингиз ва ҳеч нарсани ўзгартиролмадингиз».
«Мен хафа бўлишимни сиз билмагансиз».
Ҳаммасини тушуниб, сизни кечираман. Ички адолатли овоз менга «Бунда ҳафа бўладиган нарсанинг ўзи йўқ», — дейди.
Бошқа томондан эса, сизни тушуниб туриб ҳам айблашим мумкин:
«Сиз қўполлик қилдингиз».
«Сиз мени тушунишга ҳаракат қилмадингиз».
«Сиз ноҳақлик қилдингиз».
«Нима бўлганда ҳам сиз ўзингизни тутишингиз керак эди».
Бошқа кишининг хатоларини муҳокама қилар эканмиз, кўпинча шундай деймиз: «Сен кап-катта кишисан. Дунёда тўғри ва нотўғри деб қабул қилинган нарсалар борлигини жуда яхши биласан. Сен ўзингга хулоса чиқариб олишинг керак. Менимча, сен қилган хатоинг учун жавобгарсан».
Ахлоқ нормаларига сиғмайдиган ҳаракатни кечириш биз одатда айбдорга шундай деймиз: «Мен сен ҳақингда ёмон фикрдаман. Сендан нафратланаман. Сен ғазабланишимга ҳам арзимайсан.»
Оқлаш мумкин бўлган ҳамма нарсани оқлаб, кечирим бериш керак бўлган ҳолатларни аниқлаб бўлиб, шундай дейишингиз керак:
«Ҳа, сен шу ишни қилдинг. Мен сени кечираман. Сенга нисбатан гина сақламайман. Аввал сенга қандай ишонган бўлсам, бундан буён ҳам шундай ишонаман».
Фақат шундай ҳолатдагина ҳақиқий ва тўлиқ кечирим ҳақида гапириш мумкин. Бироқ бу осон эмас. Кўп холларда эса бундай қилиш қўлимиздан келмайди.