3:13

Буюк ишонч

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна сизлар билан радио орқали бўлсада учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Бизда шунақа тингловчиларимиз борлигидан хурсандмиз. Азизлар, сизлар учун бериб бораётган эшиттиришларимиздан яна бири эфирда. Микрофон олдида эса мен Ғолиббек. Ибронийларга мактубининг 11 боби 1 оятида имон ҳақида шундай оят мавжуд:

“Имон умидвор бўлган нарсаларнинг мужассамланишидир, имон билан биз кўринмайдиган мавжудотга амин бўламиз”. Аслида одамзод ўз кўзи билан кўрмаган нарсага ишониши бироз мушкул. Бир пайтлар мен дўстимга Раббимиз Исо Масиҳ ҳақида гапириб берганимда, у диққат билан эшитарди. Лекин уни тавба қилиши учун чақирганимда, у шундай гапларни айтган эди:

“Майли, мен сен айтгандек гуноҳларим учун тавба қиламан. Лекин Худонинг борлигига ишонолмайман. Агар У бирон-бир мўъжиза кўрсатса, албатта ишонар эдим. Шунинг учун ҳам инсонлар ўз кўзлари билан амин бўлмагунларича ишонишлари қийин. Азиз биродарлар, агар сиз ҳам Худованднинг борлигига шубҳа қилаётган бўлсангиз, ибодат қилинг, токи Худованд сиздаги шубҳани буюк имонга алмаштириши учун.

Биз ибодат қилганимизда кўринмайдиган Худованд билан гаплашамиз. Агар ибодатни тасвирлайдиган бўлсак, уни телефонга ўхшатсак бўлади. Айтайлик, сиз кимгадир телефон қилдингиз, тармоқнинг нариги тарафидаги киши билан бир бирингизни кўрмасангиз ҳам, хоҳлаган мавзу бўйича бемалол гаплашишингиз мумкин.

Шу каби Худовандга ибодат қилиб, юрагингиздаги барча айтмоқчи бўлган гапларингизни Унга айтиб бемалол гаплашишингиз мумкин. Кўпинча биродарларда битта савол бўлади. Нима учун биз Худовандга Исо Масиҳ номидан ибодат қиламиз деган савол. Биринчидан, биз барчамиз Худовандга ишонамиз ва ибодат қиламиз. Раббимиз Исо Масиҳ бизни Худованднинг ҳузурида дуо қилгани учун, Унинг номи билан ибодат қиламиз.

Кўпинча айрим биродарларимизнинг ибодатлари белгиланган вақтларда ва бир хил бўлиб қолганлигини кузатишимиз мумкин. Лекин юқорида айтганимиздек Худовандга ибодатимиз хоҳлаган жойда ва хоҳлаган вақтимизда бўлиши мумкин. Ибодат қилишимиз учун маҳсус жой йўқ. Майли, ишдами, ўқишдами, меҳмондами, хоҳлаган жойда бемалол Отамизга ибодат қилишимиз мумкин экан.

Ҳатто қайси тилда ибодат қилишимизнинг ҳам фарқи йўқ. Азизлар, буюк имон билан амалга оширилган ибодат Худованд томонидан жавобсиз қолдирилмайди. Ҳозирги кунда мустаҳкам имон ҳар бир биродар учун муҳим. Бундай деб айтишимизга сабаблар бор. Содир бўлаётган қийинчиликлар ва қувғинлар ҳар бир кишининг имони қай даражада эканлигини аниқлаб беради десак бўлади. Азизлар, сизлар билан хайрлашар эканмиз, ҳар биримизни имонимизни Отамиз Худованд янада кўпайтирсин. Яна радио орқали учрашгунча хайр, омон бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top