MP3

Ассалому алайкум қадрли биродарлар. Сизлар билан бир неча сафардан буён Муқаддас Каломдаги шахслар ҳақида суҳбат олиб бораяпмиз. Агар ўтган сафарги суҳбатимизни тинглаган бўлсангиз Неемия пайғамбар ҳақида маълумот берган эдик. Неемия форс шоҳи қасрида соқийлик қиларди. Соқийлар жуда муҳим ва обрўли кишилардан бўлган. Неемия соқий бўлишидан ташқари унинг келиб чиқиши шоҳлар авлодига бориб тақаларди. Қуддуснинг вайроналиги ҳақида эшитгач, қаттиқ изтироб чекаётган Неемиядан шоҳ ҳафачилигининг сабабини сўраганида, у душман ота-боболарим қабрини вайрон қилибди, дея жавоб беради. Тарихий манбааларга кўра фақат шоҳлар авлодигина Қуддусга дафн қилинган.

Демакки, юқорида айтиб ўтганимиздек, Неемия шоҳга яқин ва кўзга кўринган бир вазифада ишлашидан ташқари, шоҳлар авлодига ҳам мансуб бўлган. Шоҳ ундан ҳафачилигининг сабабини сўрар экан, Неемия шоҳга жавоб беришдан олдин, Худога ибодат қилди. Худди шу воқеадан биз Неемия билан ўзимиз орамиздаги ўхшашликни кўришимиз мумкин. Биз ҳам ўзимиз учун муҳим бўлган бирор нарсани бошлиқларимизга айтиб, истаган нарсамизга эришишдан олдин Худога илтижо қиламиз. Бошлиқнинг қалбини юмшатишини, биз қилмоқчи бўлган иш амалга ошишини сўраб Худога мурожаат қиламиз. Неемия шоҳлар авлодидан, шоҳнинг муҳим кишиларидан бири бўлишига қарамай, Худога суянган.

Унинг розилигини, ёрдамини кутган. Шоҳ унга Қуддусни тиклаш учун боришига рухсат берди. Шоҳ унинг сўзларидан, Неемиянинг чиндан ҳам Қуддуслик эканидан шубҳаланмади. Унга ишонди. Шоҳ қўмондонлари Санбаллат ва Тобиани ҳам Неемия билан бирга жўнатди. Санбаллат Моаблик ёки Эфраим қабиласидан келиб чиққан бўлиши мумкин. 1908 йилги экспедиция чоғида эрамиздан олдинги 408 йилда Санбаллатнинг Самарияга ҳукмдорлик қилгани маълум бўлди. Санбаллатнинг бош маслаҳатчиси Тобиа эса Форс давлатида қул бўлиб, кейинчалик шоҳнинг эътиборига сазовор бўлиб, Аммонга ҳукмдор этиб тайинланган. Унинг исми: «Яҳве — яхши» деган маънони билдиради. Уларнинг иккиси ҳам Қуддус деворининг тикланишидан ҳавотирда эдилар. Чунки Қуддуснинг мустаҳкамланиши Самария учун хавф соларди. Улар шаҳарни қайта тиклаш пайтида Неемияга қаттиқ қаршилик қилишди.

Бироқ Неемия характерининг энг яхши томонларидан бири шунда эдики, у ҳеч қачон Худонинг режасига қарши турганлар билан келишувга бормасди. Эски Аҳд китобида Неемиянинг қуддус деворини тиклаш чоғида тез-тез Худога мурожаат қилгани ёзилган. У худди Янги аҳдда ёзилганидай «хушёр бўлиб ибодат қилди». Тинимсиз қаршиликлар, душман томоннинг Қуддус деворинининг битишига қаршилиги, биродарларнинг ноаҳиллиги уни руҳан ҳолдан тойдирди. У қаттиқ тушкунликка тушди. Бироқ Худонинг мадади билан яна оёққа турди. У аввалгидан ҳам қатъийроқ бўлиб, девор қурилишини битказди. Қуддус деворининг битишига Худо ва Неемиянинг биргаликдаги ҳаракатлари сабаб бўлди. Бугунги кунда бизларга нима етишмаслигини биласизми? Худо билан биргаликда, бир фикр билан ҳаракат қилиш. Неемия эса ишда муваффақиятга эришиш учун Худо билан ҳамфикр бўлиб ишлаш кераклигини тушуниб етган эди. Муқаддас Каломдаги шаҳслар ҳаётига қизиқсангиз бизнинг www.najot.com сайтимизга кириб кўринг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top