Муқаддас Каломдан Раббимиз Исо Масиҳнинг шогирдларининг ишлари ҳақида ўқиганмиз. Ундан Ҳаворий Павлуснинг, Бутруснинг, Юҳаннонинг ҳаёти ҳақида маълумотлар олишимиз мумкин. Бироқ Исо Масиҳ шогирдларининг кейинги ҳаёти ҳақида кўп нарса билмаймиз. Агар бошқа манбааларга қарайдиган бўлсак, шогирдларнинг кўпчилиги турли жойларга тарқалиб кетганини, ўша ерларда Худога хизмат қилгани ҳақида билиб олишимиз мумкин. Бугун эса шогирдлардан бири Бартоломейнинг хизмати ва ҳаёти ҳақида билиб оламиз. Бу Исо Масиҳнинг шогирди Бартоломейнинг гувоҳлиги. Бу эрамизнинг 75 йилларида Арменияда содир бўлган воқеадир.
Исо Масиҳнинг ўн икки шогирдларидан бири бўлган Бартоломей 37 йил давомида Хушхабар тарқатишдан чарчамади.
У ўз хизматини маъжусийлар шаҳарларидан бошлаб, то ҳозирги Туркияга тегишли бўлган жойларгача давом эттирди. Кейин эса Ҳиндистонга йўл олди. У ерда ҳинд тилини ўрганиб Матто хушхабарини ҳинд тилига таржима қилди. Ҳиндларга ўз тилларида хушхабар айтди. Кейинроқ эса у Армениянинг ўн иккита турли шаҳарларида хушхабар айтди. Бу шаҳарлар бугунги кунда Туркия билан Эрон ҳудудига киради. Унинг хизматлари туфайли кўп одамлар бутпарастликдан Исо Масиҳга юз буришди. Ҳатто Армения шоҳининг укаси ҳам оиласи билан Исо Масиҳни қабул қилди.
«Сен туфайли худоларимизга сиғиниш тартибсиз аҳволга келиб қолди. Фақат бу эмас сен менинг укамни ҳам хиёнаткорга айлантирдинг.» — деди Армения шоҳи Бартоломейга қараб.
Бартоломей Армения шоҳининг дўқ-пўписаларига дадиллик билан жавоб берди: «Мен мамлакатингиз бўйлаб фақат ҳақиқий Худо ҳақида шоҳидлик қилдим. Мен сизнинг укангизни ҳиёнаткорга айлантирганим йўқ, аксинча унга ҳақиқий Худонинг кимлигини билдириб, уни Худога олиб келдим.» Шоҳ Астягес Бартоломейга таҳдид қилди: « Сен мамлакатимда Масиҳни тарғиб қилишни тўхтатасан. Кейин эса илоҳимиз Аштаротга қурбонлик келтирасан. Акс ҳолда сени ўлимга маҳкум қиламан». «Сизни ишонтириб айтаманки, шоҳ Астягес мен ҳеч қачон сизнинг илоҳингизга сажда қилмайман. Виждонимга ва имонимга қарши кичик бир ҳаракат қилгандан кўра ўлимимни ўз қоним билан тасдиқлаганим яхшироқ», — деди дадиллик билан Бартоломей. Бундан ғазабланган шоҳ: «Бу одамни ўласи қилиб азобланглар. Дастлаб қамчи билан саваланглар, кейин эса уни хочга оёғини осмондан қилиб боғлаб, тириклайин терисини шилиб олинглар», — деб буюрди.
Шоҳнинг буйруғига кўра Бартоломейни қамчилашди, хочга михлашди ва терисини шилиб олишди. Шунча азобларни тортганига қарамай, унинг хуши ҳали жойида эди. У азоб ва оғриқлар ичида одамларни Исо Масиҳга ишонишга ундади. Ўлими олдидан Худони улуғлади. Охири, унинг овозини ўчириш учун арра келтиришиб, бошини арралаб ташлашди. Бартоломей азоб-уқубатлардан сўнг Раббимиз Масиҳ билан бирлашди.
Агар Бартоломейга ўхшаш Масиҳ учун шаҳид бўлганлар ҳаётига разм соладиган бўлсак, улар умрларининг охиригача, ҳатто жаллод қаршисида ҳам одамларга хушхабар айтишдан тўхташмаган. Ҳеч бўлмаса биргина кишини имонга келтириб сўнг ўлишни афзал билишган.