3:38

Худо қайсарни ҳам севади

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Худованд инсон ҳаётида ажойиб бир севги ва қудрат билан ишлайди. У ҳаммани, ҳатто тоқат қилиб бўлмайди деб ҳисобланганларни ҳам севади. Худонинг инсонлар ҳаётида қилаётган мўъжизалари бошқа биродарларга куч ва ишонч бағишлайди. Уларни муқаддас ҳаёт кечиришга ундайди. Бугун бир биродарнинг Худо уни қандай ўзгартиргани ҳақидаги гувоҳлигини сизлар билан бўлишамиз. “Ҳаммамизга маълумки, болалар ўсмир ёшида ота-оналарига кўп озор етказади. Мен ҳам шундай болалардан бири эдим. Ёшлигимдан ота-онам билан жамоатга қатнаб юрган бўлсам ҳам, мен учун Худо ва ишонч мавзуси бегона эди. Ўсмир ёшга етгач, мактабдаги дўстларим, маҳалладаги безори ва такасалтанг болалар билан дўстлашиб, асосий вақтимни улар билан ўтказардик. Кечалари уйга жуда кеч қайтар эдим. Дўстларим билан бирга жуда ҳам кўп ёмон ишлар қилар эдик.

Narrator 2 Ота-онам эса насиҳат қилар ва тўғри йўлга бошламоқчи бўлишар эди. Бир куни дўстлар билан ичиб, чекиб уйга ўзимни билмай қайтдим. Отам кутиб турган экан. “У ҳозир бор жаҳлини тўкиб солади, сабр-косаси тўлди”, деб ўйладим. Йўқ, у бундай қилмади. Менга яна сокинлик билан насиҳат қилди. Бу қилиқларим билан ота-онамга ва Худога озор бераётганимни тушунтирди. Мен унинг сўзларини элас-элас эслайман. Кейин эса тез орада армияга кетадиган бўлиб қолдим. Кетдим. Қанчадир вақтдан кейин армиядан отамга смс юбордим. Унда қилган ишларим учун, берган озорларим учун кечирим сўраган эдим. Отам менга ҳам смс ёзиб, бу иқроримни сақлаб қўйишини айтди. Орадан 8 ой ўтди. Мен аввалгидек бошқаларни сўкар, оғзимдан турли ярамас сўзлар чиқар, чекар эдим. Аммо бу ишларни қилишимдан ҳеч ҳам виждоним қийналмас эди. Бир куни эркинликка чиқдим, ўша куни қандай бўлганини билмайман, аммо ўзимни бир жамоатда кўрдим.

Narrator 1 Биласизми, ўша куни Худо менинг юрагимни тақиллатди. Мен ўша куни чўпоннинг айтган сўзларини ҳеч қачон ёдимдан чиқармайман. У ўз ваъзида, биз инсонлар шунчалик қайсармизки, ҳатто қилаётган ишларимиз нотўғри эканини билсак ҳам қилишда давом этаверамиз. Шунчалик мағрур ва такаббурмизки, ўзимизни бошқалардан аълороқ деб ўйлаймиз, бироқ Исо Масиҳ айнан шундай бизга ўхшаган одамлар учун хочда азоб чекди. Нега ва қандай бўлганини билмайман, аммо ичимдан йиғи келиб кўзларимдан қуйиларди. Ич-ичимдан ҳаётимни бутунлай ўзгартириш вақти келганини ҳис қилдим. Мен ўша куни тавба қилдим. Биласизми, менинг ҳаётим чиндан ҳам ўзгарди. Мен ҳамма зарарли одатларимни ташладим. Кейинги куни эса қисмда бўлганимда, атрофимдаги йигитлар нима бўлганини, нега бунчалик ўзгарганимни сўради. Мен уларга ўз ҳаётим ҳақида гувоҳлик бердим.

Narrator 2 Баъзилари мени ғалатироқ бўлиб қолибди, деб ўйлаган бўлсалар, бошқалари ўзгарганимдан ҳайрон қолишди. Армиядан уйга қайтганимдан кейин ота-онамнинг гувоҳликларини эшитидим, улар ёшлигимдан, ўша бемаза ишлар қилиб юрган пайтимда ҳам мен учун тиз чўкиб, Худога ёлворишган экан. Худо уларнинг илтижоларини эшитиб, мени бутунлай гуноҳдан озод қилди ва ўзгартирди. Бу Худо мени Ўз оиласига қандай таклиф қилгани ва мени қутқаргани ҳақидаги гувоҳлигим. Ўша кундан бери Худованд менинг оилам ва яқинларим ҳаётида қудрат билан ишламоқда. У ўша пайтдан бери менинг ҳаётимда Ўзининг ажойиб ишларини қилган. Бу гувоҳликларни сизларга бошқа сафар сўзлаб бераман. ” Худовандга яқин бўлмаган инсонлар Исо Масиҳнинг қурбонлиги орқали Худо инсонларга бу қадар яқин бўлишини тушуна олмайдилар. Келинг, Худонинг севгисидан сиз ҳам татиб кўринг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top