Ассалому алайкум. Киши бахтли ҳаёт кечириши, атрофидагилар билан яхши муносабатда бўлиши ва кўпгина касалликларнинг олдини олиши учун энг аввало яхши кайфиятда бўлмоғи даркор. Сизнингча нима осон: муаммо, омадсизликларга дуч келганда тушкунликка тушиш, атрофдагилардан хафа бўлиш, ҳаётдан нолишми ёки содир бўлаётган воқеалардан фақат ибрат олиш, нафақат ўзингиз, балки атрофдагиларни ҳам зериктирмаслик, ҳар бир ишнинг фақат ижобий томонини ўйлашми? Бир сўз билан айтганда оптимист бўлишга тайёрмисиз? Ойнага қаранг, қошларингиз чимирилган, ҳаётдаги омадсизликларингизни ўйлайверганингиздан пешонангиз доимо тиришган. Келинг, бир ҳаракат қилиб кўрайлик, акс ҳолда тушкунликка тушиб, руҳий ҳасталикка чалинишингиз ҳеч гапмас.
Колумбия университети профессори, таниқли руҳшунос Соня Любомирсики назариясига биноан, бахтни ҳис этиш қобилиятимиз 50 фоиз ҳолатларда ирсиятимиз яъни ота-онамизнинг кайфияти, руҳан кучли, иродаси мустаҳкам кишилар бўлганликлари, 10 фоизи бизни ўраб олган атроф-муҳит, яқинларимиз 40 фоизини ташкил этаркан. Ҳаётимизга берган баҳомиз, қилган хатти ҳаракатларимизга боғлиқ экан. Яъни, феъл – атворимиз, кундалик турмушимиз ҳақидаги фикрларимизни ижобий томонга ўзгартирсак, доимо кўтаринки кайфиятда бўламиз.
Руҳшуносларнинг фикрича, инсоннинг кайфиятига атрофдагилар албатта босим ўтказадилар. Оила аъзолари, қўшни ва ҳамкасблар бунинг ёрқин мисоли бўла олади.
На илож, уларни биз танламаймиз, шундай экан, уларнинг феъл-атворига кўникишга мажбурмиз. Лекин бу уларга сизга босим ўтказиш ҳуқуқини бермайди. Атрофдагилар билан доимо хушмуомала бўлишга, аммо кайфиятингизни бузишларига йўл қўйманг. Бу вазиятда рақибингизга ҳар нарсанинг чегараси борлигини овозни баландлатмасдан, аммо ишонч ва қатъийлик билан тушунтиринг. Сизни қўллаб-қувватлайдиган, дилингиз қувончи ҳисобланган яқинларингиз, дўстларингиз даврасида кўпроқ бўлишга ҳаракат қилинг. Доимо ҳасрат-надомат чекадиган, асабий инсонлар билан мулоқот қилишдан сақланинг. Баъзан бу борада бир оз эгоист бўлсангиз фойдадан ҳоли бўлмас.
Бўлиб ўтган ҳар бир ишнинг ижобий тарафини топинг.
Бажарган ҳар қандай ишингизни муносиб баҳоланг, ичингизда ўзингизни мақтанг, шунда беҳос кайфиятингиз кўтарилганини сезасиз. Хитойликларда «Эшикнинг занжири қимирлаб тургани учун зангламайди» деган ҳикмат бор. Бу сўзларнинг маъноси айланб келиб, яна ҳаракат, фаолиятда бўлишимизга ундайди. Руҳий тушкунлик гирдобида қолмаслик учун бирон-бир янги машғулот топинг. Уни ўрганишдаги майда ютуқларингиздан болаларча қувонинг. Шунда бу ишдан ҳеч бир наф чиқмайди, деган тушкун кайфиятдан қутулиб, ўзингизда янгидан-янги қирралар очган бўласиз. Бу жуда ноёб қобилият, ҳар бир ишда илғор бўлиш, янгиликларга интилиш, доимий ҳаракатда бўлиш бизга Худо томонидан сингдирилган. Бу қобилиятларни ўзида оча билиш, ҳаётнинг аччиқ синовларида тобланиб, доимий мақсад сари интилиш фақатгина Ҳазрати инсонга ҳос. Кейинги суҳбатимизда сизга оптимист бўлишнинг учинчи сирини ошкор қиламиз.