3:32

Имон ёки тажриба

MP3

Narrator 1 Энди яшаётган мен эмас, балки Масиҳдир. У менинг ҳаётимни бошқаряпти. Ҳали тирик эканман, Худонинг Ўғлига бўлган имон билан яшайман. Ахир, У мени яхши кўриб, Ўзини мен учун фидо қилган. (Галатияликларга 2:20) Ассалому алайкум. Агар бу оятни Худованд сизга ҳам очиқлик қилиб берган бўлса, унда “менинг ичимда яшаётган мен эмас Масиҳдир”, деган сўзларнинг маъносини яхши тушунасиз. Биз ўзимизни тўлиқ Масиҳга бағишлашимиз учун эски ўзлигимиз, кайфиятларимиз, ҳис-туйғуларимиз билан курашишимиз керак. Муқаддас Калом Исо Масиҳни ким деб айтади? У бизнинг Худо олдидаги шафоатгўйимиздир. У бизни Худога айбсиз ва солиҳ қилиб тақдим қилади. 1 Коринфликларга 1бобда шундай ёзилган: “Исо Масиҳ орқали Худо бизга янги ҳаёт ато этиб, У орқали доноликка эга бўлганимизни намоён қилди. Биз Масиҳнинг шарофати билан оқланиб, гуноҳдан қутқарилдик, Худонинг азиз халқи бўлдик.”

Narrator 2 Биз Худо учун ўз кучимиз билан ҳеч нарса қилолмаймиз. Чунки биз ўзимиз Худонинг марҳамати ва инояти билан дўзах оловидан зўрға қутулган ожиз бандалармиз. Бизнинг диққатимиз доимо Исо Масиҳга бўлган имонимизда бўлиши керак. Имонимиз Унга бўлган мустаҳкам ишончимиз асосига қурилган бўлиши керак. Қуйидаги оятлардан ҳақиқий имоннинг қандай бўлиши кераклигини билиб оламиз. “Жалилага келганда эса, аҳоли Уни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Чунки улар Фисиҳ байрами учун Қуддусга борганларида, у ерда Исонинг қилган ҳамма ишларини кўрган эдилар. Шундай қилиб, Исо яна Жалиладаги Кана қишлоғига келди. Бу ерда У сувни шаробга айлантирган эди. Ўша пайтда Кафарнаҳум шаҳрида бир сарой амалдорининг ўғли касал бўлиб ётган эди. Бу одам Исонинг Яҳудиядан Жалилага келганлигини эшитиб, Унинг олдига борди. Исога: “Юринг, ўлим тўшагида ётган ўғлимга шифо беринг”, деб ёлворди.”

Narrator 1 Муқаддас Каломда имон, уни амалда ишлатиш ва Худонинг Каломи ҳақида жуда кўп гапирилади. Бу одам маъжусий бўлсада, Исо Масиҳнинг шифолаш қудрати борлигига ишониб узоқ йўл юриб келди. Исо Масиҳ билан бу одамнинг орасида бўлиб ўтган суҳбат, юзбошининг имони қанчалик эканини кўрсатади. Исо Масиҳ ишончнинг нотўғри кўринишини шундай тасвирлайди: “Сизлар аломату мўъжизалар кўрмагунча ишонмайсизлар! — деди унга Исо.” Атрофдаги яҳудийлар Исо Масиҳнинг мўъжизалари ҳақида эшитган ва унга бир неча бор гувоҳ бўлган аммо, ҳали ҳам ишонмас эдилар. Энди бу маъжусий киши ҳаёти орқали уларга яна бир мўъжиза кўрсатмоқчи эди. Агар сизнинг ҳам имонингиз Худонинг мўъжизасига асосланган бўлса, яъни мўъжиза кўрмагунча, Худога ва унинг қудратига ишонмайман, десангиз, демак, ишончингиз нотўғри.

Narrator 2 Исо Қуддусда Фисиҳ байрамида бўлганда, кўп одамлар Унинг қилаётган мўъжизали аломатларини кўриб,Унга имон келтирдилар. Аммо Исо одамларнинг қанақалигини билгани учун, Ўзини уларга ишонмас эди. Инсон ҳақида Унга бирон гап айтишнинг ҳожати йўқ эди. Чунки инсон дилида нима борлигини У билар эди. Ҳақиқий имон эса мўъжизага эмас, Худонинг характерига ишонишни танлаш дегани. Худо қандай ишониш кераклиги ҳақида шундай дейди: “Исо унга шундай деди: — Сен Мени кўрганинг учун ишондинг. Мени кўрмай ишонганлар нақадар бахтлидирлар!” Нега бундай ишонч, мукаммал ишонч эмас? Чунки мўъжизалар ва қудратли воқеаларни иблислар ҳам қила олади. Агар Худонинг хизматкори фақат мўъжизалар орқали Худога ишонадиган бўлса, у осонгина бошқа кучларга ҳам ишониб кетиши мумкин. Ундан ташқари бундай одам, фақат ўзини ўйлайдиган ва ўз талабларини қондиришларини истайдиган одам бўлади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top