Ўзингизга дастлабки ташхисни аввало соч ва терининг умумий ҳолатига қараб туриб сезишингиз мумкин. Жуда ҳам силлиқ, яъни ипакдек майин тери кишида ревматизм ва подаграга мойиллик борлигидан далолат беради. Шунингдек, буйрак ва қовуқ касалликларини ҳам эътиборга олиш лозим. Терингиз бирданига совуқ ва нам бўлиб қолса ва доим шундай ҳолатда юрсангиз, дарҳол жигарни тиббий текширувдан ўтказиш лозим. Терида осилиб турадиган ҳолларнинг пайдо бўлиши ичаклар ва бошқа ички аъзоларда полиплар борлигидан дарак беради. Тери ва оғиздан нохуш ҳид келса, эътиборсиз бўлманг. Бунда овқат ҳазм қилиш йўлини текширтириш ва стомотолог кўригига бориш лозим. Сочлар синувчан бўлиб қолган бўлса, демак, ичаклар фаолиятида муаммо пайдо бўлган.
Агар улар тўкилаётган бўлса, тиббий озиқалар етишмаётганини билдиради. Бундан ташқари, одамнинг хати ҳам унинг саломатлиги ҳақида сўзлар экан. Ëзув олдингисига нисбатан кескин ва сезиларли даражада ўзгарганини сезсангиз, бу ҳолатни диққатсиз қолдирманг. Жигарда оғирлик ошганини тепага эмаклаб кетаётган ёзувдан билиб олиш мумкин. Аксинча, яъни ёзув пастга қараб кетса, ошқозон қўшимча эътиборга муҳтож. Ëзув чоғида ҳарфларнинг баъзи қисмлари қаторнинг пастки қисмига тушиб, чап томонга бўй чўзса, қовуқ ва буйракда ортиқча оғирлик борлигидан далолатдир. Киши ўз кучини ҳуда-беҳудага сарфлашни бошласа, унинг ёзуви ортиқча катталашиб кетади. Ингичка ёзув кишининг ҳаётий тонуси пасайганидан ва у дам олишга, куч тўплашга эҳтиёж сезганидан сўзлайди.
Одам ҳаддан ташқари зўриққанда ёзувидаги ҳарфлар жуда катталашиб кетади. Ëзувда қандайдир «оҳанжамадор» ўзгаришлар, яъни ҳарфлар бир-бирининг устига чиқиб кетса ёки бирданига қайрилса, бу ҳолат асаб бузилиши содир бўлганидандир. Депрессия ва кишининг кайфияти тушган ҳолларда ҳарфлар қисмлари қисқаришни бошлайди, бунда улар қаторнинг юқори қисмига чиқиб кетади. Одам овози ҳам касалликларни аниқлашда катта ёрдам беради. Қон босими кўтарилганда, гиперфаолликда одамнинг овози кучаяди, гаплари эса қаттиқ урғу билан бирданига нотекис ҳолда чиқади. Кўнгил айниши ва мигренда эса аксинча, киши секин гапиришни бошлайди, сўзларни чўзади ва овози дўриллаб чиқади.
Кўз ва кўз атрофининг аҳволини диққат билан кузатинг. Кўз остида шиш пайдо бўлганини, кўз атрофи терисининг ранги ўзгарганини сезсангиз ёки сизни кўз ёшлари безовта қилса, зудлик билан назоратдан ўтиш учун шифокор қабулига югуринг. Киртайган кўзлар ва улар атрофининг тўқ жигарранг тусга кириши қон айланиши аъзолари ва лимфа тугунлари тизими касалликлари белгиларидир. Гижжалар билан зарарланганда кўз атрофи кўкиш тусга киради. Лекин бу ҳолат асосан болаларга ҳос бўлиб, бола кечқурунлари тишларини ғичирлатади. Кўз остида доимо шишлар бўлиши, шунингдек ияк ёки пастки қовоқлар шиши, қулоқларнинг қизариши буйрак касаллиги эҳтимолини билдиради. Кўздаги оқ парда доимо сариқ рангда бўлса, у ҳолда жигар ва ўт пуфагининг сурункали яллиғланишини даволашга шайланаверинг.