MP3

Ассалому алайкум қадрдон биродарлар. Бугун ҳам сизлар билан Муқаддас Каломдаги шахслар ҳақидаги суҳбатимизни давом эттирамиз. Бугунги суҳбатимиз, кўпчиликка унчалик таниш бўлмаган пайғамбар Ҳўшея ҳақида. Ўтган сафарги суҳбатларимиздан бирида Амос пайғамбар ҳақида маълумот берган эдик. Ҳўшея Амос ва Ишаёнинг замондошларидан эди. Муқаддас Каломга диққат қиладиган бўлсак, Ҳўшея ўз хизматини Исроил шоҳлигининг шимолида бошлаб таҳминан 60-70 йиллар давом эттирган. Унинг хизмати Исроилнинг қулликка олиниши билан тугаган. Ўша вақтда пайғамбар халқнинг ҳолатидан куйинарди. Халқнинг ўшандаги иқтисодий, сиёсий ҳолати анча ўзгарганди. Бойлар бойигандан бойиб, шоҳона қулайликлар келтириб олган, ёзги ва қишги уйларигача қурган. Ишлар яхши, шароб мўл, зиёфатлар қуюқ бўлсада, ўз қулларига бўлган муносабатлари ёмон эди.

Шаҳарлар ўсиб, савдогар ҳалқи пул қиладиган пайт бўлган. Қозилари адолатсиз, ҳукумат ичидан емирилган, камбағаллар эса эзилган ҳолатда эди. Шу ҳолатдан келиб чиқиб, халқнинг руҳий аҳволи ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Балки айнан шунинг учун Ҳўшея пайғамбар ҳам бошқа пайғамбарлар каби халқни огоҳлантиргандир. Унинг ҳаёти бошқа пайғамбарларникидан бироз бошқача эди. Унинг ҳаётининг ўзиёқ халқ билан Худо ўртасидаги муносабатни кўрсатарди. Биз пайғамбарлар ҳақида гапирар эканмиз, Исроил халқи ҳақида ҳам маълумот берамиз. Чунки бугунги кунда биз ҳам худди Исроил халқидай адашишимиз мумкин. Агар адашишни, гуноҳ қилишни истамасангиз, Исроил халқидан ўрнак олинг. Исроил халқи тарихида бир нечта йиғлайдиган пайғамбарлар бўлган.

Еремия Яҳудо учун йиғлайдиган пайғамбар бўлган бўлса, Ҳўшея Исроил учун йиғлаб ибодат қилган, бу халқнинг тақдиридан ачинган пайғамбар бўлган. Худо Ҳўшеяга нопок аёлга уйланишни буюрган. Негалигини биласизми? Бу Худо билан Исроил халқининг рамзий тимсолидир. Исроил Худонинг келини. Худди Ҳўшеянинг аёли каби Исроил хам Худога садоқатсиз чиқди. Ҳўшеянинг бу бузуқ аёлга уйланиши ўшанда кўпчиликни ҳайратга солгандир, чунки ҳаммадан ҳам кўра пайғамбарлар, энг покиза ва художўй аёлга уйланишлари керак бўлган. Чунки улар аёлига ўз номини бериб ҳимоясига олади. Нега Ҳўшея бундай қилди? Уларнинг никоҳи худди Худо билан Исроил халқининг никоҳига ўхшайди. Исроил халқи Худонинг халқи бўлса ҳам, Унга нисбатан садоқатсизлик қилмоқда.

Исроилнинг садоқатсизлигига қарамай, Худованд уларни севиб ардоқлайди. Ҳўшеянинг ҳаёти ҳам шуни кўрсатиши керак эди. Биз ҳам Худонинг танланганларимиз, ҳаётимиз бошқаларга ўрнак бўлиши керак. Худо бизни танлаб олган. Ҳаётимизга назар солайлик, биз ҳам Исроил халқи каби Худога хиёнат қилмаяпмизми? Унинг қонунларини билган ҳолда, бошқа нарсаларга кўнгил қўйиб кетмадикми? Ҳар сафар Худонинг қонунларидан четлашиш ҳақида ўйлаганингизда, Ҳўшея билан унинг рафиқаси ҳақида ўйланг. Агар Худонинг йўлидан четлашсангиз, худди Ҳўшеянинг ҳиёнаткор рафиқасидай бўлиб қоласиз. Эҳтиёт бўлинг! Кейинги суҳбатимизда Ҳўшея пайғамбар, унинг рафиқаси ва фарзандлари ҳақида кўпроқ маълумотларга эга бўласиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top