MP3

Ассалому алайкум. Тасаввур қилинг, Наима биринчи келинини ота-онасиникига кузатиб, иккинчи келини билан ўз юртига қайтиб келди. Юртидаги яқинлари, қўни-қўшнилари, узоқ қариндош-уруғлари унинг тақдиридан куйишди. Чиқиб кетаётганида у бутун оилси билан эди. Энди эса бир ўзи бева қайнона сифатида бева келини билан қайтди. Унинг аҳволига ҳамма ачинди. Энди бу икки аёл ўз кунларини ўзлари кўриши керак эди. Уларни боқадиган киши ҳам йўқ. Улар қайтганида айни ҳосил йиғим-терим пайти бўлиб, Наима Рутга далага бориб, ерда тўкилиб қолган бошоқларни теришни буюрди. Айни шу ерда Рутнинг характерини кўриб чиқамиз. У садоқатли ва итоаткор бўлиши билан бирга иродали аёл ҳам эди. Исроил халқи бегона халқ кишисига яхши кўз билан қарамагани аниқ. Аммо Рут уларнинг пичингларига, турли хил фисқу-фасод гапларига эътибор қилмади.

Чунки шундай гаплар бўлган бўлиши эҳтимолга яқин. У қайнонасининг халқини ўзининг халқи, Худосини ўз Худоси деб қабул қилган. Буни бошқалар қаёқдан ҳам билсин. Бироқ аста-секин Рутнинг қайнонасига бўлган ғамхўрлигидан, одамлар билан бўлган мулойим муносабатидан, бу халқ ҳам уни ёқтириб қола бошлади. Қайнонаси бошоқ териш учун далага бор, деганида қайси далага бораман, кимга ялинаман, дея рад жавобини бермади. У шунчаки итоат қилиб, дуч келган далага бориб, бошоқ териб юраверди. Бизда Рутнинг нечта кишининг даласига бориб, неча кун бошоқ тергани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Аввал айтганимиздек, биз фақат тасаввур қила оламиз ҳолос. У бугун бир кишининг даласига кейин эса бошқа кишининг даласига бориб, то эгаси ҳайдамагунча ўша ердан бошоқ терган бўлиши мумкин. Бироқ охири у Боз деган кишининг даласига бориб ўша ерда узоқ вақт бошоқ терди.

Боз ўз хизматкорларининг ортидан юриб, тўкилган бошоқларни тераётган мунис аёлни кўриб, унинг кимлигини суриштирди. Унга шундай дейишди: «Наиманинг Моаблик келини, бир неча кундан буён шу ердан бошоқ тераяпти». Боз ҳам шу халқнинг одами, халқ бу келин ҳақида нималар дейишаётганидан бохабар одам эди. У Наиманинг қайнонасига бўлган ғамхўрлиги ҳақида эшитган бўлиши аниқ. Шунинг учун ҳам Рутнинг бу ерда қолиб, ҳосил охиригача бошоқ теришига рухсат берди. Хизматкорларига эса Рут кўпроқ териб олиши учун бошоқлардан атайлаб кўпроқ ташлаб кетишни буюрди. Рутдан қариндоши Бознинг даласида бошоқ тергани ҳақида эшитган Наима унга ғалати бир топшириқ берди. Қайнонасининг гапига кўра у кечқурун қолиб, Бознинг ётган жойига бориб, унинг оёқлари остида ётиши керак эди.

Исроилликларнинг одатига кўра бу нарса мени ўз ҳимоянгизга олинг, дегани эди. Агар Боз рози бўлса унга уйланиши, рози бўлмаса рад жавобини бериши керак эди. Буни тасаввур қила оласизми? Қайси аёл бу ишга рози бўлиши мумкин. Бу айниқса Рут учун қийин эди. Шундай бўлса ҳам, қайнонасининг айтганларини бажарди. Аслида бу қайнонасининг эмас, Худонинг режаси эди. Рутнинг ҳаётидаги режаси. Худо уни ҳали Моабда бўлганидаёқ, махсус бир вазифа учун танлаганди. Яъни Довуднинг бувиси бўлиш вазифасига. Ҳа, Довуд Боз билан Рутнинг авлоди эди. Сиз билан биз ҳам Худонинг режасини билмаслигимиз мумкин, бироқ Унинг иродасига бўйсунсак Худо бизнинг ҳам ҳаётимизни марҳаматлаши аниқ. Худди Рутнинг ҳаётини марҳаматлагандек!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top