MP3

Ассалому алайкум. Довуд ва унинг одамлари ғорларда, қишлоқларда, адирларда тунаб, кун кечириб юришарди. Шоулга унинг янги манзилини хабар қилишди. Шоул бир нечта аскарлар билан Довудни излаб топиш ва ўлдириш учун йўлга отланди. Тасодифан Шоул зарурат юзасидан Довуд ва унинг одамлари яширинга ғорга кирди. Довуд учун энг қулай вақт туғилганди. У ўша ерда Шоулни ўлдириши мумкин эди. Бироқ ундай қилмади. Негалигини биласизми? Агар Довуднинг ўрнида бўлганингизда нима қилар эдингиз? Тўғри, мен ҳам бошида шундай ўйлаганман. Энг қулай имкониятдан фойдаланиб қолардим. Бироқ Довуднинг фикрларини ўқигач, унинг қанчалик Худога садоқатли инсон бўлганини кўрдим. Биз Довуднинг ҳаёти ҳақида ўқир эканмиз, худди унинг сифатларини ўқиётгандек бўламиз. Довуднинг ҳаёти орқали Худонинг инсонларга, яъни уни севадиган инсонларга бўлган муносабатини, ғамхўрлигини кўрамиз.

Довуднинг ҳаёти орқали Худо ва ўзимиз ҳақимизда кўп нарсаларни билиб олишимиз мумкин. Довуд бу қулай имкониятдан фойдаланмади. У билдирмасдан бориб шоҳнинг ридосидан бир парча кесиб олди. Шоҳ ҳожатини чиқариб бўлиб, ўз аскарлари олдига кетганидан сўнг, Довуд ҳам унинг ортидан чиқди-да: «Шоҳ ҳазратлари! – деб Шоулни чақирди. Шоул орқасига ўгирилди. Довуд эгилиб таъзим қилди ва ер ўпиб деди: «Довуд сенга ёмонлик қилмоқчи, деган одамларнинг гапига нима учун қулоқ соляпсиз? Ўз кўзингиз билан кўриб турибсизки, ҳозир Эгамиз ғорда сизни қўлимга берган эди. Одамларим сизни ўлдиришмоқчи эди, лекин менинг кўзим қиймади. Худога солдим, қай биримиз ҳақ эканимизни Худо ҳукм қилсин, додимни Ўзи эшитсин.»» Довуд меҳрибон бўлиши билан бирга бағри кенг инсон ҳам эди.

У ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтаришни истамади. То Шоул исроил шоҳи экан, унга бўлган ҳурматини бажор келтирди. У шоҳни чақиргач, унга таъзим қилди. Унга шунча ёмонлик қилган кишига таъзим қилмаса ҳам бўларди-ку? Лекин Худо танлаган шоҳга ҳурмат бажо келтирди. Довуд кекчи эмас эди. У фақат тинчгина яшашни истаганди ҳолос. У Кармил яқинида қочиб юрар экан, Нобол исмли кишидан ёрдам сўраб одам жўнатди. Нобол эса: «Довуд ким бўлибди ўзи, Ишайнинг ўғли бўлса нима қипти», — деб ёрдам беришдан бош тортди. Буни эшитган хотини Обигайл хизматкорларига озиқ овқатлар тайёрлашни буюриб ўзи йўлга чиқди. Довуд Ноболдан келган хабарни эшитиб қаттиқ ғазабланди. У Ноболнинг чўпонларини ва мол-ҳолларини бекорга қўриқлабман-да, дея хафа бўлди.

Шу пайт Ноболнинг хотини Обигайл келиб қолди. У эрининг қилган иши учун узр сўраб, Довудга олиб келган озиқ-овқатини берди. Довуд Обигайлнинг донолиги туфайли Ноболга ёмонлик қилишдан тийилди. Яна бир кишини Худонинг адолати ҳукмига топширди. Ҳаётда ҳам шундай бўлади. Бизга қилинган ёмонликларни албатта жазолашни истаймиз. Уларнинг қилган ишларига яраша жавоб қайтаришни истаймиз, бироқ Каломда шундай ёзилган: «Интиқом Менинг қўлимда, сазосини Мен бераман, — дейди Худованд» (Ибр 10-30). Худо Ноболнинг жазосини берди. Сизни ҳафа қилган инсон бўлса уни кечириб юборинг ва Худога топширинг. Ўзингиз учун қасос оламан, деб гуноҳга ботманг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top