3:45

Яҳудо шоҳи Осо

MP3

Ассалому алайкум. Сулаймоннинг ўлимидан сўнг Исроил шоҳлиги иккига Яҳудо ва Исроил шоҳлигига бўлиниб кетди. Баъзида бу икки шоҳлик бир-бирига дўст, баъзида эса душман бўларди. Уларнинг қандай муносабатда бўлиши, тахтга қандай шоҳ чиқишига боғлиқ эди. Ҳар икки давлатни ҳам вақти-вақти билан яхши ва ёмон шоҳлар бошқарган. Шундай шоҳлардан бири Яҳушафат Яҳудо давлатига ҳукмронлик қилган эди. У Исроил шоҳи Ахаб шоҳлик қилаётганига тўрт йил бўлганида Яҳудога шоҳ этиб тайинланди. Яҳушафатнинг отаси Осо ҳам Яҳудонинг шоҳи бўлган. Осо Қуддусда 41 йил ҳукмронлик қилиб, бобоси Довуд каби, Худо олдида тўғри ишлар қилди. У ўзидан олдинги шоҳ Ерибом даврида қурилган ҳамма бутларни йўқ қилди. Саждагоҳлардаги фаҳшбозларни Яҳудодан қувди. Осонинг бувиси ким бўлганини биласизми?

Довуднинг ўғли Абсаломнинг қизи Махо эди. Абсаломнинг қандай инсон бўлганини биласиз. Қизи ҳам ундан қолишмаган шекилли, юртда макруҳ худо Ашерага сажда қилиш учун устун ясатган эди. Осо эса Худонинг йўлида адолатли ва тўғри бўлиш учун ҳатто бувиси қурдирган устунни ҳам буздириб ташлади ва бувисини маликалик мартабасидан маҳрум қилди. У умри давомида юртдаги ҳамма саждагоҳларни йўқ қила олмаган бўлса-да, Худога чин кўнгилдан боғланган шоҳ эди. Унинг қилган ишлари ва қаҳрамонликлари ҳақида ўқир эканмиз, унинг жуда тадбирли, доно шоҳ бўлганини билишимиз мумкин. Шунга қарамай, бошқа шоҳлар каби у ҳам хатолардан ва камчиликлардан ҳоли эмас эди. Масалан, у Исроил шоҳи Башо билан иттифоқ тузишга ҳаракат қилса бўларди. Бунинг ўрнига у Орам шоҳи Банҳадад билан иттифоқ тузди. Холбуки, Яҳудо ҳам Исроил ҳам бир халқ – Худонинг халқи эди.

Уларнинг тинимсиз келишмовчиликда яшаши Худонинг қалбини вайрон қилганини тасаввур қилиш қийин эмас. Ахир Худо ҳар иккисини ҳам бирдек яхши кўрарди-да. Аммо бундай ҳолатда бутунлай Осони ҳам айблаб бўлмайди. Қарс икки қўлдан чиқади, деганларидек, бунда Башонинг ҳам айби бор. Осо Яҳудода ҳукмронлик қилаётган пайтда Исроилда Башо деган шоҳ ҳукмронлик қиларди. Башо Худонинг олдида эгри ишлар қиладиган ва Худонинг амрларига итоат қилмайдиган шоҳ эди. Табиийки, бундай шоҳ ўз қўшниси ва қардоши бўлган Яҳудо ҳалқи билан тинчликда яшашни истамаган. Шунинг учун ҳам Яҳудо шоҳи Осо ва Исроил шоҳи Башо бир бирлари билан келишолмаганлар. Башо Яҳудога қўшин тортиб борган. Калом уларнинг муносабати ҳақида шундай дейди: «Осо билан Исроил шоҳи Башо умрларининг охиригача бир-бирлари билан уришиб ўтдилар» (3 Шоҳ 15:16).

Бу Осонинг ягона хатоси эмас. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Исроил шоҳи Башо Яҳудога ҳужум қилганида, Осо Орам шоҳи Бенҳадад билан иттифоқ тузди. У Ором шоҳига совға саломларни Худога аталган назрлар орасидан олди. Бу унинг иккинчи хатоси эди. Муқаддас Каломда Худо Осони бу қилган иши учун жазолагани ёзилмаган. Аммо Худога аталганини бошқа бир бегона шоҳга бериб юбориш, Худога аталганларини ўғирлаш билан баробардир. Хулоса шуки, Худонинг йўлида тўғри юрган киши Худонинг марҳамати ва ҳимояси остида бўлади. Билиб туриб, гуноҳ қилган ва Худонинг амрларига қарши чиққан киши эса, Худонинг ҳимояси чизиғидан четга чиққан бўлади. Агар Каломдаги шахслар ҳаёти билан қизиқсангиз бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимизга кириб, ҳаммасидан ўзингиз боҳабар бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top