Ассалому алайкум. Довуд катта қийинчиликлар, бошидан ўтган яхши ва ёмон саргузаштлар билан шоҳ бўлди. Муқаддас Каломга қарайдиган бўлсак, унинг ҳукмронлик даврида халқ доимо беҳавотир бўлган. Жанг бўлмаган, демоқчи эмасман. Аксинча унинг ҳукмронлиги даврида атрофдаги шоҳликлар Исроил халқини босиб олишга уринган. Аммо Довуд яхши шоҳ бўлиши билан бирга яхши жангчи ҳам эди. У ўз халқини қандай ҳимоя қилишни биларди. Ундан ташқари энг муҳими Худо Довудга ва Исроил халқига ғамхўрлик қиларди. Довуд фарзандлар кўрди. Унинг ўзи ҳам ота бўлди. Аммо у қандай ота бўлган. Унинг шу жиҳатига эътибор қаратайлик-чи. Довуд ҳали Ҳевронда бўлганида Худованд унга фарзандлар берди.
«Довуднинг Хевронда туғилган ўғиллари қуйидагилардир: тўнғич ўғли – Йизриллик Охинавамдан туғилган Омнўн, иккинчиси – Кармиллик Наволнинг беваси Обигайлдан туғилган Хилов, учинчиси – Гашур шоҳи Талмайнинг қизи Маходан туғилган Абсалом, тўртинчиси – Ҳаггитдан туғилган Одониё, бешинчиси – Обидадан туғилган Шафатиё, олтинчиси – Довуднинг бошқа хотини Эглаҳдан туғилган Йитраём.» Довуд Исроилнинг душманларини мағлуб қилади ва кичик империянинг ҳукмдори бўлди. Лекин у ҳам урушга кетган қўшин лашкарбошисининг хотини Ботшева билан зино қилади. Бу қилмиши учун Худованд унинг бошига ва оиласи бошига кулфатлар келтирди. Масалан, Довуднинг ўғилларидан бири Омнўн ўгай синглиси Тамаранинг номусига тегади. Омнўнни эса вақти келиб ўгай акаси Абсалом ўлдиради. Нега? Нега Довуд хонадонида юз бериши мумкин бўлган бу хатоликларга йўл қўйди?
Худованд уни фарзандлар билан баракалаган эди. У исроилнинг шоҳигина эмас ота ҳам эди. Унинг оталиги ҳақида Муқаддас Каломда кўп нарса ёзилмаган. Шоҳ бўлса ҳам ота эканини унутмаслиги лозим эди, деб ўйлайман. Болалар отасидан Худо ҳақида ўрганишлари, отасининг Худо билан муносабати қандайлигини кузатишлари, отасининг адолатли ва меҳрибон эканини ўз кўзлари билан кўриб, ҳис қилиб улғайишлари лозим. Аммо Довуд вазифасининг бу томонига унчалик эътибор қаратмаган кўринади. Акс ҳолда оиласида фарзандлар ўртасида низо ва қотиллик юзага келмаган кўринади. Унинг илк хатоси фарзандлар тарбиясида иштирок этмагани бўлса, иккинчи хатоси тўнғич ўғли Омнўн ўгай синглисининг номусига тегиб қаттиқ гуноҳ қилганида ҳам уни муносиб равишда жазоламагани эди. Учинчи ўғли Абсалом эса отасидан буни кутмаганди.
У отасининг адолатли жазосини кутганди. Албатта Довуд ўз ўғлини ўлдиролмасди, бироқ бу гуноҳни жазосиз ҳам қолдириш тўғри эмас. У Омнўннинг гуноҳига яраша қаттиқ жазо бериши ва шу билан бошқа фарзандларини ҳам гуноҳнинг оқибатидан қўрқишга ўргатиши лозим эди. Абсалом синглиси Тамаранинг азоблари учун ўч олиш мақсадида пайт пойлаб, Омнўнни ўлдирди. Довуд катта ўғлини муносиб жазоламаганини Абсалом, ўзига ва Тамарага бўлган эътиборсизлик деб билди. Агар Довуд фарзандларининг тарбияси ҳақида жиддий ўйлаганида ёшлигиданоқ уларга ҳам кўпроқ вақт ажратар, ҳар бирининг тарбияси ва характери қандайлигини билиб олган ва келажакда юз бериши мумкин бўлган кўнгилсизликларнинг олдини олган бўларди.