MP3

Narrator 1 «Исо у ердан жўнаб, одати бўйича Зайтун тоғига чиқиб кетди. … — Эй Ота, кошки бу заққум косани Мендан ўтказиб юборсанг! Лекин Мен айтгандек эмас, Сен айтгандек бўлсин» (Лука 22:39,42).

Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Худо билан муносабатда бўлиш жуда мароқли ва ёқимли. Бунда инсон қалби ҳотиржам бўлади. Қалб тинчликка ва ички шодликка тўла бўлади. Яқинда бир қўшиқ эшитдим. Унда шундай сўзлар бор эди «Майли тўфон келсин, майли ҳаётимда чақмоқлар чақсин, ҳамма нарса ағдар-тўнтар бўлиб кетсин, бироқ Сен мен билан биргасан. Шу тўфон орасида қалбим Сен билан ҳотиржам». Шу қўшиқни эшитганимда негадир денгиздаги тўфон ёдимга тушди. Денгизда тўфон кўтарилганида, бу тўфон сув остига таъсир қилмайди. Денгиз устида ваҳимали тўлқинлар, тўфон ҳукм сурса-да, денгиз ости худди сув қуйгандек жим-жит бўлади. Унинг остида сокинлик ҳукм суради.

Narrator 2 Бу жуда ғалати. Худо билан тўғри муносабатда бўлган инсоннинг ҳаётини ҳам шунга ўхшатиш мумкин. Ҳаётида қандай қийинчиликлар, синовлар ва иложсиз ҳолатлар юзага келмасин, унинг қалби Худо билан бирга ҳотиржам бўлади. Бундай ҳолатда бўлишни ҳавас қилиш мумкин. Бироқ нима қилсак ҳам инсонмиз-да, қийинчилик кўришни истамаймиз. Ҳар сафар Худовандга «Худойим, имонимни кучайтир. Мени ўзингга яқинлаштир» — дея ибодат қиламан-да, кейин орқасидан: «Аммо азобланишни истамайман», — деб қўшиб қўяман. Ҳеч ким ўз хоҳиши билан қийналишни, азобланишни истамайди. Бироқ биламанки, имоним кучли бўлиши учун, қийин ҳолатлардан ўтишим керак. Сиз мени тушунасиз.

Narrator 1 Исо Масиҳ ҳам сизни, мени, ҳаммамизни тушунади. У ҳам биз каби бўлди. Биздан фарқли ўлароқ У ҳаёти давомида ҳеч қандай гуноҳ қилмади. У ҳар қадамда Худога итоатли бўлди. У ўз билганича иш қилмади. Нимаики қилса, Отасининг иродасига кўра қилди. Юқорида азоб чекиш ҳақида гаплашдик. У ҳам хочга бориш азоблигини биларди. У Худо бўлгани ҳолда, сиз-у биз каби инсон танасига эга эди. Тана азобни, қийноқларни ҳис қилади. Шуни англаган ҳолда У азоб чекишни истамай, Зайтун тоғидаги боғда шундай ибодат қилди: «Эй Ота, кошки бу заққум косани Мендан ўтказиб юборсанг! Лекин Мен айтгандек эмас, Сен айтгандек бўлсин. … У жон илинжида янада ҳафсала билан ибодат қилди. Ундан чиққан тер томчилари эса ерга томаётган қон томчиларига ўхшар эди.»

Narrator 2 У ҳам азоб чекишни истамади, бироқ ўз истагини енгиб, Худонинг иродасини қабул қилди. Биз кўп ҳолларда азоб чекишни истамаганимиз учун Худонинг иродасини қабул қила олмаймиз. Аммо Исо Масиҳ каби Унинг иродасини қабул қилсак-чи, ўз истагимиздан воз кечиб, Худонинг амрига бўйсунсак-чи, унда нима бўлади?! Қийин бўлади, бироқ Худованд ташлаб қўймайди. У Исо Масиҳни ҳам ташлаб қўймаган эди. Калом бу ҳақида шундай дейди: «Шу орада осмондан бир фаришта Исога зоҳир бўлиб, Уни қувватлаб турди.» Қийин бўлса ҳам Унинг иродасини қабул қилсак, Худованд бизга шу қийинчиликдан ўтишга мадад беради. Худога яқин бўлган кишилар ҳақида кўпроқ билишни истайсизми? Унда бизнинг сайтимизга мурожаат қилинг ва фикрингизни электрон манзилимизга ёзиб юборинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top