Ассалому алайкум мунис ва меҳрибон оналар. Келин уйида меҳмон кутишни қандай ўрганганига қарамай, меҳмон кутишда ўзингиз унга ўрнак бўлинг. Аввалги суҳбатимизда айтилганидек, меҳмон танламанг. Агар сиз меҳмон танласангиз, бора-бора келинингиз ҳам ўзига ёқмайдиган кишиларни хушламай кутиб олишга ўрганади. Меҳмон келгач дастурхонга борингизни қўйинг. Рўзғордаги масаллиқларга қараб бир таомга уннанг. Бу ишларни ўринлатар экансиз, бир гап доим ёдингизда бўлсин: Ҳар битта яхши иши, табассуми, одоби, чаққонлиги учун меҳмоннинг олдида келинни мақтаб қўйинг. Чунки у сизнинг қариндош-уруғларингиз, бир ибора билан айтганда, сизнинг даврангизга кириб келяпти. Келин меҳр-оқибатли инсонлар билан эканлигини ҳамиша ҳис қилиб турсин.
Афсуски, шундай ҳолатлар ҳам бўладики, айрим қайноналар меҳмоннинг олдида келинига яхши гапиргандай бўлса-да, унинг орқасидан хато-камчиликларини айтиб ўтиради. Аввало сизникига вақтинчалик меҳмон бўлиб келган одам оилангиздаги муаммоларни ҳал қилиб бермайди. Қолаверса, келиннинг олдида бир хил, чиқиб кетганидан кейин яна бошқа хил гапиришнинг оқибати ҳеч қачон наф келтирмаган ва бу сир бир кун келиб очилмай қолмайди. Ўз уйидаги яқинини вақтинчалик келган одамга ёмонлаб обрў топган одам йўқ ҳали. Шундай воқеани гапириб беришганди.
Бир келин уйларига келадиган ҳамма меҳмонни бинойидек кутиб оларкан-у, фақат қайнонасининг синглиси, яъни холасини очиқ чирой билан қаршиламас, у келганда нимагадир тунд бўлиб оларкан.
Бундан қайнона жуда жаҳли чиқаркан. Яна бир сафар ўша хола меҳмон бўлиб келибди. Келин жой солиб, таклиф қилибди, қайнонасининг ишораси билан овқатга уннабди. Овқат ҳам пишиб, сузиб келибди, дастурхонга қўйибдию, қайтиб бу хонага кирмабди. Меҳмон уйига қайтадиган бўлибди ҳамки, уйига кириб кетган келиндан дарак йўқмиш. Синглиси ташқарига чиққач қайнона келинни уйидан чақириб: «Холангиз кетаяпти», — дебди зўрға ғазабини босиб. Келин худди бўйнидан боғлагандай чиқиб, меҳмонни кузатибди. Меҳмоннинг хафа бўлиб кетгани шундоқ юзидан кўриниб турган экан. Қайнона келин уйда қолганларидан кейин жанжал бошланибди: — Нима, менинг синглимнинг ҳурмати йўқми? – деб асабийлашибди қайнона. – Биз билан ўтириб овқат ҳам емадингиз, ювуқсиз идишларни ҳам олиб чиқиб кетмадингиз…
Бу гапларга келин ерга қараганча индамай тураверибди. Кейин маълум бўлишича, келиннинг бундай қилишида қайнонанинг ҳиссаси бор экан. Келин ўзига ёқмайдиган меҳмонларни кутиб олишни қайнонадан ўрганган. Ўғил уйлантираётган оналар ёш новда уни истаган томонимга эгиб оламан, дея ёш қизлардан келин қилишга ҳаракат қилади. Бироқ ўзларининг нотўғри ибратлари билан ўша ёш ниҳолни ҳам нотўғри томонга эгиб олганларини билмай қоладилар. Кейин эса келинни ёмонлаб чарчамайдилар. Келин сизнинг қариндош-уруғларингиз, яқинларингизни яхши кутиб олишини истасангиз, сиз ҳам унинг яқинларига ҳурмат кўрсатинг. Унинг яқинлари келганда, ҳатто яшириб ҳам ёқтирмаганингизни билдирманг. Келин сиз ва оилангиздагиларнинг ҳаммаси келин томонни ҳурмат қилишингизни сезиб турсин. Бизнинг www.najot.com сайтимиз оилангизнинг ҳамма аъзолари учун мос келади.