3:22

Муҳими оила

MP3

Ассалому алайкум. Оила жамиятимизнинг энг муҳим бир қисми экан, оилавий ҳаёт этикаси ва психология болаларга катта синфларда ўргатилади. Руҳшуносларнинг фикрича, болани эртароқ, яъни йўргакданоқ оилага тайёрлашни бошлаш лозим экан. Қандай дейсизми? Суҳбатимизнинг давомини эшитинг.

Аёл ва эркак руҳиятини билиш, оиладаги мажбуриятларни бўлишиш, сабр-тоқат ва ғамхўрлик сингари сифатларни намоён этиш, фарзанд олдидаги бурчни бирма-бир бажариш – буларнинг ҳаммаси оилавий ҳаётда муҳим аҳамиятга эга. Агар сиз бола буларнинг ҳаммасини ота-онасига қараб ўрганади десангиз, бу борада ҳам ҳақ, ҳам ноҳақсиз.

Келинг нега ҳақ ва ноҳақлигини мен тушунтира қолай. Агар билсангиз бундан 20 йиллар олдин деярли ҳамма бир оилада бобоси ва бувиси билан бирга яшаган. Бугунги кунда ҳам мана шундай оилаларни учратиш мумкин. Айниқса қишлоқда бундай оилалар жуда кўп. Агар худди олдингидек бир оилада бир неча авлод: буви – бува, ота-она ва болалар яшаганда эди, унда ёш авлод ҳар куни амалда таълим-тарбия олган бўларди. Биринчидан, бола ота-онаси ва кексалар ўртасидаги муносабатларни кузатиш имкониятига эга бўларди. Келажакда эса бу унинг қайнона ва қайнотасига нисбатан сабр-тоқатли бўлишига имкон яратади.

Бу мавзу мен учун ҳам жуда қизиқ. Фикримча иккинчи сабабини жуда яхши биламан. Демак иккинчидан, оилада фарзандлар кўп бўлганда, уларнинг ҳар бири ўз мажбуриятларига эга бўлади. Шундайми? Бири дўконга борса, иккинчиси идиш-товоқларни ювади, учинчиси ахлатни тўкиб келади. Бундай оилавий меҳнат жараёнида, болалар ишга бўлган жавобгарликларини эртароқ ҳис қиладиган бўлишади. Катталарга ўзидан кичикларга қандай муносабатда бўлишни, бобо-бувисидан, ота-онасидан ўрганишади. Қолаверса маҳалла, қўни-қўшни билан муносабатлари ҳам шаклланади. Оилада кўпчиликнинг бир ёқадан бош чиқариб, бир муаммони ҳал қилиши, келажакда болаларни бир-бирига меҳрибон ва биргаликда ишлаш одатини шакллантиради.

Бундай оилада ўсган бола, назарий оила ҳақидаги билимга муҳтож бўлмайди. Чунки ҳар куни бундай мактабда таълим олади-да.

Тўғри айтасиз, фарзанд ёшлигидан ота-онасидан кўриб, эшитиб ва ҳис қилиб, ўрганади. Агар оилада шундай вазият бўлса фарзандингиз бундай ҳолатда чақалоқлигиданоқ меҳнат ва мажбуриятларни ўрганган бўлади. Ҳозир эса бир оилаларда бир иккита фарзанд бўлгани учун, улар одатда меҳнат билан банд бўлишмайди. Учинчидан, олдин ота-оналар доим фарзандларининг кўз ўнгида бўлишган. Далада бирга ишлашган, бирга танавул қилишган. Эрталабдан кечгача иш билан машғул бўлувчи замонавий ота-оналар деярли фарзандларини кўришмайди. Бундай турмуш тарзида бола ота-онасидан эмас, телевизордан, кўчадан ва бошқалардан оила ҳақида кўплаб нотўғри маълумотларни олади. Шу сабабли ҳозирги турмуш тарзида оила ҳаётида тажрибасизлик яққол кўзга ташланади. Шу сабабли мактабларда болаларни оилавий ҳаётга тайёрлаш дарслари ўтилади. Аслида назарий дарслардан кўра бола, ота-онаси ва бобо-бувиси билан бирга бўлса оилавий ҳаётга яхшироқ тайёрланган бўларди. Бунга нима дейсиз?

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top