Яхши қиз келин бўлгач икки оила ўртасида нурли кўприк бўлади. Тўй яхши, келди-кетдиси ундан яхши. Қиз чиқаришнинг шуниси борки, фарзандингизнинг олиб кетишгач, уйингиз ҳам, кўнглингиз ҳам ҳуввиллаб қолади. Қизига узоқдан қараб турган оналарнинг юраги орзиқади. Қиз бола ота-онасига меҳрибон бўлади, бу яхши. Энг аълоси қиз боланинг келин бўлгач қайнона-қайнотасига ҳам меҳрибон бўлишга ўргатишдир. Кўпчилик қизлар ота-онасининг раҳмини еб, келганларида уларга қарашиб, кетади. Оналар эса бундай пайтда анча зийрак бўлишлари керак. Қизлари ота-онасининг ғамини еб, турли баҳоналар билан ёки қайнона-қайнотанинг индамаслигини суистеъмол қилиб, тез-тез келиб қарашиб кетиши мумкин. Бироқ бунинг оқибатида янги келинга, ва оиласига ёмон сўзлар келиши ҳам эҳтимол.
Шунинг учун ҳам бувижонлар қиз неваралари турмушга чиқаётганларида: «Кексаларнинг дуосини ол, оёқларига патак бўлгин. Токи биз сеникига кўксимизни кериб борайлик», — дейишади. Бугунги қизлар патак бўлиш қандай бўлишини тушунмайдилар. Оналар ҳам қизларига: «эрнинг ота-онаси, қариндошлари – дарахтнинг томирлари, уларни аввал парваришлаш, сув қуйиш керак. Кейин поя, барг ҳосил бўлиши»ни уқтиришлари керак. Тўғри, томир ота-она бўлса, ҳосили келиннинг келажаги, фарзандлари бўлади. Қудаларнинг яхши чиқишиб кетишлари энг аввало катталарнинг ўзларига боғлиқ бўлса, бир томони келинга ҳам боғлиқ бўлади. Масалан, «Она уйга бораман деб хархаша қилмагин, қачон ўзлари рухсат берса ўшанда боргин», — дейишига жавобан қиз ҳам: «Йўқ аяжон, қайнонам сизни кўп мақтайди. Аянгизга ҳавасимиз келиб, сизни келин қилганмиз, дейишади», — десин.
Бу гаплардан онанинг ҳам юраги ҳапқириб, кайфияти кўтарилиб, қудаларига бўлган ишонч туғилади. Янги келин уйига ота-она уйига борганида қайнона-қайнотасининг ўзига кўрсатган ҳар бир ғамхўрлигини унутмаган ҳолда онасига айтиб мақташи, турмуш ўртоғининг ҳам фақат яхши сифатларини айтиб тарифлаши керак. Келин ота уйига борганида тилига жуда эҳтиёт бўлиб икки томоннинг бир-бирига бўлган меҳрини ошириш учун хизмат қилсин. Уйидан қайтганида эса ота-онасининг қизларини яхши жойга бериб хурсанд бўлаётганларини, қайнона- қайнотасини оғзидан бол томиб мақтаганларини билмай айтиб юборган кишидек бўлиб, маълум қилиши яхши натижа беради. Бундай ҳолатда келиннинг ота-онаси куёвини ўз ўғлидек кўриши осонлашади. Қудаларга нисбатан ишонч, оқибат, ҳурмат, муҳаббат уйғонади.
Келин йиллар ўтса ҳам қайнона- қайнотасига бўлган ҳурматини, ғамхўрлигини ўзгартирмаслиги керак. Шунда қайнона-қайнота бирор марака қиладиган бўлишса, келинларига: «Қизим, дада-аянгизга қўнғироқ қилинг, тайёр бўлсалар, машина юборамиз келишсин», — дейдиган бўлишади. Бу қудаларнинг бир-бирига бўлган ҳурматидан нишонадир. Келин икки хонадон ўртасида нурдан кўприк ясайдиган, рўзғорини илоҳий ёғдуга белайдиган, одоби билан ота-онаси обрўсини, иззатини кўкка кўтарадиган бўлиши керак. Турмуш ўртоғини хафа қилишни истамайдиган келинлар унинг яқинларидан ширин сўзини аямаслиги, уларга имкон қадар ғамхўр бўлсин, токи ота-она шундай қиз ўстирганларидан фаҳрланиб, кўксиларини кўтариб, қизининг уйига кириб борсин.