Эрамизнинг бошида Худо Исо Масиҳни оламнинг гуноҳини олиш учун юборган ва Ўз режасини инсонларга билдиргандан бошлаб, хушхабарнинг душманлари кўп бўлган. Иблис одамлар орқали қанча кўп қаршилик қилгани сайин, Худо инсонлар қалбида ўзига нисбатан очиқликни кўпайтираверди. Қаршиликлар қанча кўп бўлса, имонлилар ҳам шунча кўпайиб борди. Аммо ҳар бир даврда ҳам имонлилар эътиқоди туфайли кўп қийинчиликларга учрашган. 1546 йил. Англия. Бу Анна Аскюнинг гувоҳлиги. Аннани эътиқоди туфайли қийнаб, қамоққа ташлашганди. Уни шу даражада шафқатсизларча қийноққа солишдики, оёқлари ва қўлларини ҳар томонга тортишди. Оёқлари ва қўллари чиққан Анна хушидан кетди. Хушига келгач эса уни қийноққа солганларга хушхабар айта бошлади. У роса икки соат Худонинг режаси ва хушхабарни гапириб берди.
Қатл қилинадиган куни уни стулга ўтирғизиб, ёндириладиган жойга олиб келишди. Чунки оёқ қўллари чиққани учун ўзи юролмасди. Охирги дақиқаларда у шоҳдан охирги марта сўз беришларини сўради: «Мен бу ерга Раббим Исо Масиҳни рад этиш учун келганим йўқ. Мен шунча қийноқларга чидаган эканман, демак бунинг сабаби бор. Агар менинг эътиқодим ёлғон бўлганида эди, сизлар берган азобларга чидамасдим. Айтмоқчи бўлганим, мен ишонаётган Худо ва унинг режаси ҳақиқат. Ҳақиқат бўлгани учун ҳам мен ва мендан олдинги масиҳийлар шунча қийноқлар ва азобларга чидаганлар. Улар Худонинг хушхабари орқали чиндан Худо билан муносабат қилганлар. Худонинг руҳи ва кучи билан улар ҳар қандай танавий оғриқларга чидайдилар. Мен ҳам рад этмоқчи эмасман. Шунча азобларга қарамай, ўлимга рози бўлаётганимнинг боиси – ҳақиқатдир.» Унинг бу гапларини шоҳ, амалдорлар ва оддий халқ ҳам эшитди. Охирги сўзларини айтиб бўлгач, унинг оёқлари остига таҳланган ўтинларни ёндиришди. У гулҳан ичида ёнар экан, то охирги нафасигача ибодатда бўлди.
Ҳаворий Павлус худди шу ҳолат ҳақида бир нарса деган эди: «Агар Худо биз томон бўлса, ким бизга қарши чиқар экан? Худо Ўз Ўғлини аямай, балки ҳаммамиз учун Уни фидо қилган бўлса, У билан бирга ҳамма нарсани ҳам бизга бермасмикан? Худо танлаган кишиларни ким айбдор қилар экан? Худонинг Ўзи уларни оқлаганку. Бизни ким маҳкум қилар экан? Ўлган ҳам тирилган Исо Масиҳ Худонинг ўнг томонида туриб, биз учун шафоат қилмоқда-ку. Худонинг севгисидан бизни ким жудо қилар экан: қайғуми, сиқилишми, қувғинми, очликми, яланғочликми, хавф-хатарми ёки қиличми? Аммо бизни Севганнинг соясида буларнинг ҳаммаси устидан улкан ғалаба қозонамиз.» (Рим 8:31-37).
Ҳаворий Павлусни ҳам Римда эрамизнинг 65 йилида қатл қилишган эди. Уни қатл қилишларидан олдин Римдаги биродарларига ёзган хатида шундай деган эди: «Эй севиклиларим, ўзингиз учун қасос олманглар, балки Худонинг ғазабига йўл қўйинглар. Зеро Тавротда шундай ёзилган: «Қасос Менинг қўлимда, сазосини Мен бераман – дейди Худованд». Аксинча: «Агар душманинг оч қолган бўлса, уни тўйғизгил, Агар чанқаган бўлса, унга сув ичиргин. Мана шунда унинг бошига ёнаётган чўғлар йиққандай бўлурсан». Ëмонликка мағлуб бўлма, ёмонликни яхшилик билан мағлуб қилгин.»