3:19

Худованднинг хизматчиси

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сиз азизлар билан эфир орқали дийдор учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Мен Ғолиббек микрофон қаршисидаман. Бизнинг буюк Худовандимиз, керак бўлса, жамоатларни Ўзи хоҳлаганича ўзгартира олади.

У янгидан баён этилган ва қўлланилаётган равшанлик жамоатни асосигача титратишга қодирдир. Балки айрим жамоатлар худди уйқусираб турган боладек нима қилишини билмай тургандир. Балки айрим жамоат чўпонлари орқасидан эргашиб келаётган қўйларни қандай яйловга олиб боришни тушунмаётгандир. Лекин Худованд ўз вақтида тўғри йўл кўрсата олади.

Керак бўлса янги йўл бошловчи ҳам беради. Жамоат бошлиғи шундай бўлиши керакки, у жамоат орқали ёнгандек, жамоат хизмат туфайли яшаши лозим. Жамоат ўзи учун яшамайди. Агар жамоат ўзи хоҳлагандек йўл тутса нима бўлади? Ўзининг манманлик ҳоҳишларига эрк беришда ифодаланадиган бу баёнат пешонама-пешона инжилий масиҳийликда ақл-идрок билан ҳукмронлик қилаётганларга дуч келади.

Жамоатдаги оддий имонлилар билан суҳбатлашиб кўринг ва жамоат ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишингиз мумкин. Агар жамоат Масиҳга итоат қилишни хоҳласа, бу уларнинг ютуғидир. Жамоатнинг ўзгариши, қолаверса ҳар биримизнинг ҳаётимиздаги ўзгаришлар ҳам биринчи бўлиб итоат қилишдан бошланади. Агар жамоат Худовандга итоаткор бўлса ҳар хил кераксиз режалар ортиқча бўлиб қолади.

Чунки Худованднинг Ўзи жамоатни ва чўпонларни бошқариб туради. Аввалом бор чўпон ўзининг моддий тарафи ҳақида эмас, балки жамоатнинг руҳий аҳволи ҳақида кўпроқ бош қотириши лозим. Лекин ҳозирги кунда кўпчилик биродарлар моддий тарафдан бақувватроқ бўлган жамоатларда хизмат қилишни хоҳлашади.

Сабаби, ҳар биримизга аён. Менинг бир дўстим чет элга, аниқроқ айтадиган бўлсак Европага бир дўстининг уйига меҳмон бўлиб борибди. Ўша биродаримиз масиҳий инжил иниститутини тугатиб энди бирон бир жамоатда чўпон бўлиб хизмат қилмоқчи экан. Айрим жамоатларга қунғироқ қилиб хизмат сўрабди. Бир жамоат кўнглига ўтирди шекилли узоқроқ суҳбатлашиб қолибди.

Охири қанча маош берасизлар? Чўпон яшайдиган уй нечта хонали? Хизмат учун машина борми? Бир йилда неча кун дам олиш учун таътилга чиқиш мумкин деб сўрабди. Шунда менинг дўстим ўзича ўйлабди: “ Бу биродар Худовандга хизмат қилмоқчими ёки ўзи ва оиласи учун комфортроқ ҳаёт излаяптими”, деб ўйланиб қобди. Ҳа, азиз радио тингловчи, шунақаси ҳам бўлиб туради.

Балки бу айтганларимиз Европа мамлакатлари учун оддий бир ҳолдир. Лекин Худовандга хизмат қилмоқчи бўлган инсон ҳеч нарсага қарамай чин юракдан хизматини олиб борса, Худовандга маъқул бўлади. Худованд қачон ва кимни марҳаматлашни биздан кўра яхшироқ билади. У ҳеч кимни ёдидан чиқармайди. Азизлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз поёнига етди, хайр соғ бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top