3:14

Ваъз 140

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Яна эфирда сизлар учун тайёрлаган эшиттиришларимиздан бири. Мен Ғолиббек микрофон қаршисидаман. Азизлар, бугунги эшиттиришимиз орқали биз Худованднинг Каломидан сизлар билан бўлишмоқчимиз. Буюк тангримиз Парвардигор Худо томонидан берилган қурбони бизни ўлимдан қутқарди ва бизга абадий ҳаётни совға этди.

Бундай нажотни Худованд Ўзининг ягона ўғли Исо Масиҳ орқали ҳар биримизга берган. Худонинг абадий ҳаёт инъоми ва совғаси, Исо Масиҳнинг қурбонлигини қабул қилишдадир. Биз Исо Масиҳнинг қурбонлигини ишонч орқали қабул қиламиз. Лекин то айни ҳақиқатни охиригача англаб етгунимизча иккиланишлар ҳам учраб туради.

Энг асосийси, Раббимиз Исо Масиҳнинг қурбонлиги текин ва бебаҳодир. Биз унга ишонч орқали ета оламиз, биз ўзимизча бошқа ҳеч қандай йўл билан уни қўлга кирита олмаймиз. Бунинг учун ҳеч қандай бошқа йўл йўқдир. Эфесликларга мактубининг 2 боби 8 ҳамда 9 оятларида ёзилишича: “Ҳа, сизлар Худодан иноят топиб, имонингиз туфайли қутулгансизлар. Бу – Худонинг инъоми, сизнинг ютуғингиз эмас.

Яна ҳеч ким: «Мен савоб ишларим туфайли қутулганман, деб мақтанмасин.” — деб айтилади. Аслида инсон ҳар қандай савоб ишларни амалга оширса ҳам, умрини охиригача дунёдаги энг яхши инсондай ҳаёт кечирса ҳам Худованднинг кўз ўнгида гуноҳкорлигича қолаверади. Худонинг ҳадиясидан, яъни бепул берган совғасидан уни қабул қилмасдан туриб баҳраманд бўлолмаймиз.

Биз Исо Масиҳ ва Унинг қурбонлик ишини шахсан қалб орқали қабул қиламиз. Муқаддас Китобнинг Юҳанно мактубида 1 боб 12 оятда шундай айтилади: “Уни қабул қилганларга эса, Барча Унинг номига имон келтирганларга У Худонинг фарзанди бўлиш иқтидорини берди.” Исо Масиҳ бизни гуноҳлардан тозалаш ва Худо билан муносабатимизни тиклаш учун ҳаётимизга киришга ҳаракат қилаяпти. Исо Масиҳ бизнинг Раббимиз ва Нажоткоримиз бўлишни хоҳлайди.

Наҳотки шундай ажойиб Отамиз бўлишини инсонлар истамаса! У инсонларни гуноҳкор бўлиб дўзахга боришини асло истамайди. Инсон ўтмишда ким бўлганидан қатъий назар Раббимиз кутмоқда. Раббимиз Исо Масиҳ Муқаддас Китобда шундай деб айтгани ёзилган: ”Мана, Мен эшик олдида туриб, тақиллатяпман. Кимда-ким овозимни эшитиб эшикни очса, Мен унинг ёнига кираман; Мен у билан, у Мен билан кечки овқатни баҳам кўрамиз.”

Аслида ўлимдан халос бўлишимиз учун биз инсонлар Худовандни излашимиз ва Унинг жаннат эшигини тақиллатиб, бизни ҳам киритишини илтимос қилишимиз зарур. Лекин Худованд бизни шунчалик севадики, биз гуноҳкор инсонлар учун Ўзи ҳамма нарсага тайёрдир. Азиз дўстим, юрагингизни Худованд учун очинг, у юрак эшигингизни таққиллатмоқда. Фақатгина У сизни ҳам жаннатда Худованд билан бирга бўлишингизни истайди холос. Азизлар, яна радио орқали учрашгунча хайр.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top