Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлисларимиз. Яна сиз азизлар билан радио қаршисида учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Хонадонингизга тинчлик бўлсин! Бугун микрофон олдида мен Ғолиббек. Раббимиз Исо Масиҳ Ўз шогирдларига хизмат қилганида У келажакдаги муаммолар ҳақида шогирдларини доимо огоҳлантирар эди.
Шу билан бирга шогирдларини қўллаб-қувватлар эди. Раббимиз Исо Масиҳ Матто Хушхабар китобининг 6 боби 25 оятида 34 оятигача бўлган жойни доимо шогирдларига уқтирар эди. У жойда жумладан тирикчилик ташвишлари ҳақида гап боради. Айниқса нима еб, нима кийиш ҳақида. Ушбу муаммо ҳозирги кунда ҳам биродарлар орасидаги энг актуал масалалардан бири бўлиб турибди.
Кўпчилик масихий чўпонлар, йўқ, биз камтарин яшашимиз лозим деб айтишади. Бу тўғри, масиҳий инсон доимо камтарин бўлиши лозим. Лекин яшаш масаласи бўйича олиб қарайдиган бўлсак, масиҳий биродарлар ҳам бошқалар каби тўла қонли яхши яшашга ҳақлидир. Яқинда бир суҳбатнинг гувоҳи бўлдим. Бир биродаримиз ўзи яшайдиган уйини дид билан ремонт қилибди.
Шунда унинг уйига икки-уч йил аввал ташриф буюрган биродар келиб ҳайрон қолганини ва аввалги фикри эскилигини тан олиб биродаримиздан кечирим сўраганига ўзим гувоҳ бўлдим. Азизлар, агар Худованд биродарларимизга яхши яшашга имкон бериб марҳаматлаётган бўлса, бундан фақатгина хурсанд бўлишимиз керак. Ўзимиз билмаган ҳолда Худованднинг марҳаматига қарши бўлмайлик.
Раббимиз Исо Масиҳ шогирдларини олдиндан бўлажак муаммолар ҳақида огоҳлантирганида, нима содир бўлишини биларди ва шогирдлари айнан шу муаммога олдиндан тайёр бўлишини истар эди. Фараз қилинг, умуман сиз кутмаган нарса ҳаётингизда содир бўлса, қандай шу муаммодан чиқишни ўйлаб кўргунингизча орадан анча вақт ўтиб кетади. Аҳвол эса аввалгисидан ҳам мушкулроқ бўлиши мумкин.
Азизлар, лекин олдиндан ҳали йўқ нарсага ташвишланиш ярамайди. Раббимиз Исо Масиҳ шогирдларига нима учун олдиндан ташвишланмаслигини ҳам тушунтириб ўтган эди. Биз сиз билан юқорида айтиб ўтган Матто китобининг 6 боби 26 оятида Раббимиз шундай деб айтади: “Кўкда учувчи қушларга қаранглар: улар на экади, на ўради, на омборга дон йиғади.
Шунга қарамай, Самовий Отангиз уларнинг ризқини беради. Сиз эса улардан анча аълороқ эмасмисиз?” Азиз биродар, имонли биродарларни доимо яхши ва чиройли яшашга ундашдан қўрқманг. Уларнинг ажойиб ҳаётини кўриб қўвонишга ҳаракат қилинг. Шунда Худованднинг марҳамати сизда ҳам бўлади. Худованд доимо ҳар бир инсоннинг нимага муҳтожлигини олдиндан билади. Шу биродарни Отамиз марҳаматлашни хоҳлайди, фақатгина биздан талаб қилинадигани ибодат қилиб Ундан сўрашдир. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Хайр соғ-омон бўлинглар.