Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан мен Ғолиббек эфир орқали учрашиб турганимдан бағоят миннатдорман. Ўйлаймизки, бериб борилаётган эшиттиришларимиз, сиз, азиз радио тингловчилар учун манзур бўляпти. Азиз радио тингловчи биродарлар, грекча «калом» термини ― жами Худо Каломига тегишли бўлган «логос»ни эмас, балки Муқаддас Каломнинг маълум бир парчалари ёки танлаб олинган оятларига тегишли бўлган «рема»ни билдиради.
Бу ерда Муқаддас Руҳ маълум бир муҳтожликларимизни тўлдириш учун Муқаддас Китобнинг ўзига хос ва керакли оятларини онгимизга етказиши ҳақида гап кетаяпти. Раббимиз Исо Масиҳ ҳам саҳрода иблис билан олишган пайтда, Иккинчи Қонун китобидаги маълум бир оятлардан фойдаланган эди. Матто Хушхабар китобининг 4 боби 4, 7 ва 10 оятлари бу нарса юқоридаги фикримизни тасдиқлайди.
Жонли Калом қудратли, таъсирли ва тарбия бериш учун фойдалидир. Бу ҳақидаги оятлар ҳар биримизга яхши таниш бўлсада, сиз азизларга яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз. Ибронийларга мактуби 4 боб 12 оят ва 2 Тимўтийга мактуби 3 боб 16 ва 17 оятлар. Азиз ҳаворий Павлус руҳий жанг ҳақида кўп гапирган. Павлус Худонинг барча қурол-аслаҳалари ҳақидаги фикрларини якунлар экан, ибодатнинг ўта муҳим эканлигини ўз фикрларида қайта-қайта таъқидлаб ўтади.
Масалан Павлус уч карра, яъни учта оятнинг ҳар бирида бир мартадан эфеслик имонлиларга ибодат қилишни буюради. Ибодат Худо билан бизнинг орамизда ўзаро муносабатлар эшигини очиб беради. Руҳий жанг кетаётган пайтда биз, имонлилар, ўз Йўлбошчимиздан кўрсатмалар ва руҳий далда олиб туришимиз учун У билан алоқамизни узмаслигимиз керак.
Бир-биримиз учун қиладиган ибодатларимиз муҳим бўлибгина қолмай, шунингдек «кучли ва таъсирли» ҳамдир. Муқаддас Китобдан Ёқуб мактубининг 5 боби 16 оятидан шу ҳақида ўқиб куришингиз мумкин. Ибодат алоҳида қурол сифатида рўйхатга киритилмаган, бироқ у бошқа қуроллар билан бирга ишлатилиши керак. Имонли киши жангга ҳозирлик кўраётганда ҳам, жанг қилаётганда ҳам, жангдан кейин дам олаётган пайтда ҳам тинмай ибодат қилиши керак деб айтилади 1 Салоникаликларга мактубининг 5 боби 17 оятида.
Ҳар қандай ибодат Муқаддас Руҳнинг кучи билан Худо ҳузурига кўтарилиши керак. Ибодатсиз кўтарилган Худонинг қуроли ғалаба қилиш учун ярамайди. Доимо имонли киши ибодат қилиши шарт. «Ҳар доим» дегани шайтон ҳужум қилса ҳам, қилмаса ҳам, «ҳар бир ҳолатда» ибодат қилиш керак деганидир. Имонлилар фақат ўзлари учун эмас, балки «барча Худонинг азизлари учун» ҳам ибодат қилишлари керак.
Руҳий жанг — бу ҳам шахсий, ҳам имонлилар жамоасининг вазифаси. Ибодатсиз кўзлаган мақсадимизга эришиш анча мушкул бўлади. Ибодат орқали руҳий жангда доимо ғалабага эриша оламиз. Чунки Худованд Ўзининг чин фарзандларига доимо қулоқ тутади. Яна радио орқали учрашгунча хайр саломат бўлинглар.