2:41

Иброҳимга марҳамат

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна сизлар билан радио эфир орқали учрашиб турганимиз учун Отамиз Худовандга миннатдормиз. Бугун мен Ғолиббек микрофон олдидаман. Худовандга қулоқ солган ҳар қандай инсонни Худованд албатта марҳаматлайди.

Худди шу каби Ибромни ҳам Худованд марҳаматлади. Бизларга маълумки, Ибромнинг моллари жуда кўп эди. Улар Мисрдан чиқиб Канон деб аталадиган ердан ўтишди. Улар яна Байтилга қайтиб келишаётган эдилар. Эсингизда бўлса керак, ҳурматли радио тингловчи.

Улар Байтил билан Ғай деган шаҳарлар орасидаги тоғли жойда тўхтаб дам олишдилар. Улар яна шу ерга келиб чодир қуришди. Ибром қурбонгоҳ олдида туриб, Худовандга ибодат қилди. Ибром қаерга борса, Худованд унга ёрдам бергани учун у Худовандга миннатдорчилик билдирди.

Ибром каби Лутнинг ҳам қўйлари жуда кўп эди. Шунинг учун қўйларни боқиш ва сўғориш учун уларга жой торлик қилиб қолди. Шундай кунларнинг бирида Ибром ва Лутнинг чўпонлари орасида жой талашиб жанжал бўлди. Ўша ерда Ибром ва Лутдан ташқари бошқа халқлар ҳам яшашар эди. Бир куни Ибром жияни Лут билан гаплашди.

Улар гаплашиб бўлганларидан кейин ажралиб, икки томонга кетишга келишдилар. Ибром жияни Лутга хоҳлаган тарафини танлашига имкон берди. Лут имкониятдан фойдаланиб, Иордан водийлари чиройли бўлгани учун шу томонни танлади ва ўша тарафга қараб кетди. Албатта Худованд Ибромнинг тутган йўлини маъқуллади.

Қолган кунларда ҳам Худованд Ибром билан бирга бўлди. Лут кетганидан кейин Ибром атрофга қаради. Шунда Худованд: “Ибром, Ибром,” — деб уни чақирди. Мана шу сен кўриб турган ерни сенга ва сенинг авлодларинга бераман. Ердаги қумга қара, санай оласанми, сенинг авлодларинг ҳам мана шу қумлардай кўп бўлади, — деб ваъда берди Худованд.

Азизлар, ҳақиқатдан ҳам Худованднинг ваъдаси ажойибдир. Ибром атрофни томоша қилди. Худованд шу жойларни менга беради, деб ўйлади Ибром. Худованд доимо берган ваъдасига содиқдир. Худованд Ибромга ваъда қилган ерларни берди. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, Худованддан ҳар биримиз ўзимиз ҳақимиздаги камчиликларимиз учун ибодат қилайлик.

Агар кимгадир нимадир етишмаса, албатта Худованддан сўранг, чунки инсондаги турли муҳтожликларни фақатгина Худовандгина таъминлай олади. Шунинг билан азиз радио тингловчилар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top