3:18

Болаларнинг ўсишига ёрдам 121

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи азиз биродарлар. Яна сизлар билан радио тўлқинлари орқали дийдор учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Бугун мен Ғолиббек микрофон қаршисида сизлар билан биргаман. Ҳурматли болажонлар, биз сизлар билан биргаликда ўтган эшиттиришларимизнинг бирида Нуҳ ва у ясаган кема ҳақида суҳбатлашган эдик. Албатта, Худованд айтганидай бутун ер юзини сув босди. Лекин Нуҳ ва унинг оиласи ҳамда айрим ҳайвонлар кемага кириб жон сақлашган эди. Энди уларнинг аҳволи нима бўлди? Келинг, бугунги эшиттиришимизда шу ҳақида суҳбатлашсак.

Туфондан кейин Нуҳ ўз оиласи билан биргаликда узоқ йиллар яшади. Биласизми, Нуҳ неча йил яшади? У 950 йил умр кўрди. Нуҳнинг Нимруд деган невараси бўлиб, у жуда кучли овчи эди. Худованд унга жуда кўп куч ато этган эди. Ҳамма Нимрудни яхши танир эди. Нимруд “Бобил” деган шаҳарни қурди. Ўша пайтда барча одамлар бир тилда гаплашар эдилар. Ўзбек, рус ва инглиз тили деган тиллар йўқ эди. Одамлар борган сари ер юзида кўпайиб бораверишди. Шунинг учун ҳам одамларнинг яшаши учун кўп ер керак эди.

Бир куни Бобил шаҳридагилар бир ажойиб чиройли ерга келиб қолдилар. Бу жой жуда гўзал ва ажойиб эди. Шунинг учун барча одамлар: “Келинглар, шу ерда яшайлик”, — деб бир-бирларига айтишди. Бу жойни ажойиблигини эшитган бошқа одамлар ҳам ўша ерга кўчиб келишар эди. Улар фақат ўзлари келибгина қолмай, ўзлари билан молларини ҳам олиб келишган эдилар. Улар бир-бирларига: “Келинглар, шу жойда узимиз учун катта шаҳар қурайлик. Ғишт ясаб, боши осмонга етадиган қилиб миноралар қурайлик, шунда ҳамма бизни кўради, ҳайрон қолиб бизларни мақташади, биз машхур бўламиз”, — деб айтишди.

Агар минора қураётганимизни бошқалар ҳам эшитиб қолишса, улар ҳам бу ерга кўчиб келишади, одамлар яна кўп бўлади, шундай қилиб минорамиз осмонгача кўтарилади, деб ўйлашарди. Албатта Худованд барча одамларни марҳаматлаб, бутун дунёга тарқалинглар, деб айтган эди. Лекин одамлар дунёга тарқалмай, бир жойда яшаб машҳур бўлишни хоҳлашар эди. Худованднинг айтганини қилмаслик эса гуноҳдир.Одамлар ғишт қуйиб, минора ясашни бошладилар. Уларнинг ҳар бир ҳаракатини эса Худованд осмондан туриб кузатиб турар эди.

Муқаддас Китобда айтилишича, Худованд осмондан тушиб уларнинг қўраётган минорасини кўрди. Одамлар аксинча Худованднинг ишларини, мўъжизаларини бошқаларга кўрсатиб, Худовандни мақташлари лозим эди. Лекин улар Худовандни мақтамадилар. Шунда Худованд айтди: “Мана улар ҳозир бир тилда гаплашишяпти, агар Мен ҳозир уларни тилларини аралаштириб ташламасам, улар минора қуришда давом этишаверади”, — деди. Худованд шундай қилиб одамларнинг тилларини аралаштириб ташлади.

Улар эса бир-бирларини тилини тушунишмасдан, минора қуришни ҳам тўхтатишди. Шундай қилиб, одамлар бутун дунё бўйлаб тарқалиб кетишди. Яна радио орқали учрашгунча хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top