3:03

Ваъз 152

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна азизлар сиз билан радио тўлқинлари орқали биргамиз. Шундай имконият учун Худовандимизга миннатдормиз. Микрофон олдида мен Ғолиббек. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, бугунги сизлар билан бўлишмоқчи бўлганларимизни оддий ва ҳаётий саволлар билан бошламоқчиман.

Ҳар биримиз Худованднинг кўз ўнгида қандаймиз? Биз қандай ибодат қиляпмиз? Худовандга қандай топиняпмиз? Бошқаларга қандай қилиб Хушхабар айтяпмиз? Ва охиргиси, шу хизматларимизни амалга ошириш вақтида муаммоларга дуч келганимизда қандай қилиб ечим топяпмиз? Бу айтганларимизнинг барчаси бир нарса билан юз фоиз боғлиқдир.

Яъни Худовандга қанчалик яқинмиз. Уни қанчалик излаяпмиз. Биз Уни қандай кўришимиз мумкин. Албатта тўғридан-тўғри маънода эмас. Ибодат қилган вақтимиз ёки Муқаддас Китобни ўқиганимизда Худованднинг буюклиги кўз олдимизда бўлмоғи керак. Албатта ҳар бир инсон Худованднинг қудрати буюклиги ва мўъжизалари ҳақида тасаввурга эга бўлиши керак.

Ҳар бир қадам босганимизда ва ишхонада дўстларимиз билан суҳбатлашганимизда ҳатто жуда банд бўлганимизда ҳам Худованд ҳақида ўйлайлик. Шундагина У Ўзини янада кўпроқ очади ва биз Уни кўпроқ билишга ҳаракат қиламиз. Масиҳийлик ҳар биримизда ҳаётимизнинг асоси бўлмоғи керак. Илиқ бўлиш айрим пайтларда шайтонга енгилиб қолишдан даракдир.

Ҳурматли биродар, ҳар бир Масиҳга ишонувчи инсонинг юрагида учмас олов бўлсин. Шундагина юқорида айтган хизматларимиз хурсандчилик ила амалга ошади. Худованд инсондаги ҳар қандай муаммони истаган вақтида хал қила олади. Бир таниқли биродаримиз шундай деб айтган эди: “Худованднинг олдига тўғри имон билан яқинлашган инсон ўн минглаб муаммолардан халос бўлади”.

Лекин ҳозирги кунда, айниқса 21 асрнинг замонавий масиҳийлари орасида, Худовандга бўлган имон аввалгига нисбатан камайгандек. Бундай деб айтишимизга сабаб бор. Ҳозирги кўплаб масиҳийлар орасидаги асосий муаммо Худованднинг қандайлиги ҳақида кам тушунчага эгамиз. Бошқача айтадиган бўлсак, Унинг Кимлигини охиригача англаб етмагандекмиз.

Тўғри инсон Худованднинг кимлиги ҳақида 100 фоиз тушунчага эга бўлолмайди. Агар чин юракдан Унга қулоқ солиб яқинлашсак, ўйлайманки, Худованд ҳам биз томонга қадам ташлайди. Биз Худованд томонга бир қадам ташласак, мен ишонаман, У биз томонга ўн қадам ташлайди. Чунки У ҳар биримизни севади. Азиз биродарлар, ибодатхоналарда ва уй гуруҳлардаги биродарларимиз доимо бир- биримиз учун ибодат қилишга одатланайлик.

Раббимиз Исо Масиҳнинг қайта келиш вақти жуда яқин. Шунинг учун ҳам имонда мустаҳкам бўлайлик. Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top