Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан мен Ғолиббек эфир орқали учрашиб турганимдан бағоят миннатдорман. Ўйлаймизки, бериб борилаётган эшиттиришларимиз, сиз, азиз радио тингловчилар учун манзур бўляпти. Ҳозирги ибодатхоналарда ўзига яраша турли тартиблар мавжуд.
Агар жамоатда кимдир жиддий гунох қилса, айрим жамоатлар ўша кишини жамоатдан четлаштиради. Яна бошқа бир жамоат эса кечирим бериб, Худованднинг олдида тавба қилиши учун имкон беради. Лекин минг афсуски, иккинчи ҳолатда инсон яна қайта олдинги гуноҳни қайтариш ҳоллари ҳам учраб туриши мумкин.
Биродарнинг жамоатдан ҳайдалиши, яна аввалги эски гуноҳкор ҳаётга қайтиши учун имкондир. Бошқача айтадиган бўлсак, яна шайтон қуллигига топшириш дегани. Масиҳий биродарларнинг асосий мақсади эса дунёдаги барча инсонларга Худованднинг нажот йўлини кўрсатишдир. Дунёга берилган инсонни доимо ёки истаган пайтида шайтон бошқара олади.
Лекин кўпинча биз ўйлаймизки, жамоатдан ҳайдалган биродар дунёда ўзгаради деб. Балки шундайдир, лекин бу камдан-кам учрайдиган ҳол бўлса керак. Раббимиз Исо Масиҳ айтган эди, сохта устозлардан эҳтиёт бўлинглар, деб. Нима учун сохта устозлардан шунчалик эҳтиёт бўлишимиз керак? Биринчидан, улар ўзлари кимга хизмат қилаётганини билмасалар керак.
Иккинчидан ва энг ачинарлиси, бошқаларни ҳам ортидан эргаштириб бормоқдалар. Агар ўз вақтида уларни тўхтатмасак, нафақат улар ўзларининг гуноҳкор ҳаётига бошқаларни ҳам тортиб кетади, балки барча биродарларни тўғри йўлдан оздиришлари ҳам мумкин. Энг ачинарлиси, биродарлар ҳам ўзларини тўғри йўлда деб ўйлашлари мумкин.
Азиз биродарлар, Раббимиз Исо Масиҳ келажак ҳақида ва сохта таълимотчилар ҳақида Муқаддас Китоб орқали огоҳлантирган эди. Агар шундай ҳолатдан хабардор бўлсангиз, ибодат қилиб Худованддан сўранг. Отамиз албатта бу ёлғон таълимотга нўқта қўя олади. Шахсан мен шундай ўйлайман: сохта таълимотчиларни тўғри йўлга бошлаш учун қилинадиган ҳаракат қилиш беҳуда кетса керак.
Улар қачонки шайтоннинг қора шоҳлигини ўз кўзлари билан кўрганларида ҳақиқат билан ёлғонни ажратадиган бўлади, лекин минг афсуски, бундай пайтда кеч бўлиши турган гап. Ҳурматли радио тингловчи биродар, ибодатхоналарда эшитаётган ваъзларни нима ҳақида эканлигини ва чўпон сизни қайси йўлга бошлаётганини аниқ тушуниб олишга ҳаракат қилинг. Мен айтмоқчи эмасман, ҳеч кимга ишонманг ва ҳаммани текшириб кўринг деб.
Раббимизнинг айтган гаплари бўйича тўғри таълимот эгаси бўлайлик. Ўйлайманки, шундагина дунёдаги инсонлар масиҳий биродарлар ҳақида тўғри фикр юритадиган бўладилар. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Хайр саломат бўлинг.