3:03

Калом ўқиш

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна эфирда сиз азиз мухлисларимиз учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Микрофон олдида эса мен Ғолиббек. Азиз биродар, Исо Масиҳни юрагингизга қабул қилганингиздан кейин Худованд сизга Ўзининг Муқаддас Руҳини юборди.

Энди ана шу Муқаддас Руҳ сизнинг ичингизда яшаб, сизга юпатувчи ва ёрдамчи бўлади. Азиз дўстим, сизга маълум ток бўлгани учун чироқлар ёнади, радио ва телевизорлар ва бошқа электр жиҳозлари ишлайди. Энди тасаввур қилинг, агар электр учиб қолса, худди ҳаёт тўхтаб қолгандай бўлади.

Сизнинг руҳий ҳаётингиз ҳам худди шу кабидир. Худованднинг Муқаддас Руҳи худди электр каби сизни куч-қувват билан таъминлаб туради. Доимо Худо кўрсатган йўлдан юриш учун Муқаддас Руҳнинг куч-қувватига тўла бўлишимиз керак. Юҳанно мактубининг 16 боби 12 оятдан 15 оятгача бўлган жойни ўқиб кўришингизни сиз, азиз биродарларимизга таклиф қиламиз.

Энди Худонинг Руҳи ичингизда яшаяпти ва шундай экан, сиз Уни яхшироқ таниб билишингиз керак. Чунки У сизни ҳақиқат йўлига бошлайди. У Раббимиз Исо Масиҳнинг сўзларини ҳаётингизда маълум қилади. У Исо Масиҳни сизнинг ҳаётингиз орқали улуғлайди.

Азиз биродар, қўлингиздаги Муқаддас Китобни Луқо китобидан ўқисангиз, сизга тушуниш осонроқ бўлади. Ибтидо китоби эса дунёнинг яратилиши ва биринчи одамларнинг яратилиши ҳақида гапиради. Агар сиз учун яратилиш қизиқ бўлса, Ибтидо китобидан бошлаганингиз яхши.

Азиз дўстим, Муқаддас Китобни ўқиган пайтингизда айрим жойларига тушуниш қийин бўлиши мумкин. Асло қайғурманг, орадан вақт ўтиб тушуна борасиз. Лекин доимо ўқишдан олдин Худовандга ибодат қилиб, сизга тушуниш учун ёрдам беришини сўранг.

Азиз биродар, Худованднинг каломи оддий китоб эмас, унда ёзилган ҳақиқатларни яхши тушуниб олишга ҳаракат қилинг. Бунда сизга Муқаддас Руҳ мададкор бўлади. Ҳар доим каломни ўқиган пайтингизда ўзингизга учта саволни беришга ҳаракат қилинг. Биринчиси: Худо тўғрисида нимани ўргандим? Иккинчиси: Худо шахсан менга нима деяпти?

Ва охирги учинчиси: Мен бу ҳафта ўқиган оятларимга биноан нима қиламан? Каломни ўқиб бўлганингиздан кейин доимо Худовандга раҳмат айтинг ва ўқиган нарсаларингизга амал қилишга ҳаракат қилинг. Азиз дўстим, агар Худованднинг каломини сиз юрагингизда сақласангиз, Худованд сизга Ўз каломи орқали гапиради. Васвасалар пайтида сизни ҳимоя қилади. Сизни доимо қўллаб-қувватлайди. Худованднинг каломини ҳар куни соғиниб ўқинг, бу сизни руҳан мустаҳкам бўлишингиз учун ёрдам беради. Яна радио орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top