Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи азиз биродарларимиз. Азизлар, яна радио тўлқинлари орқали сизлар билан дийдор учрашиб турибмиз, бу учун Отамиз ва Худовандимизга шон-шарафлар бўлсин. Микрофон қаршисида мен Ғолиббек. Ҳурматли болажонлар, ўтган эшиттиришларимизнинг бирида сизлар билан Ёқуб ҳақида суҳбатлашган эдик.
Келинг, бугун шу суҳбатимизни давом эттирсак. Ёқубнинг тоғаси Лобон Ёқубга айтган эди, меҳнатинг эвазига нима берай деб? Ёқуб Хорунга келган пайтида ўз тоғасининг қизи Роҳилани севиб қолган эди. Лекин унга уйланиш учун Ёқубнинг пули йўқ эди. Шунда Ёқуб тоғасига Роҳилани унга хотинликка беришини сўради.
Тоғаси эса, агар сен меникида етти йил ишлаб берсанг, кейин Роҳилани сенга хотинликка бераман, деб айтди. Ёқуб ўз орзусига эришиш учун тоғасининг уйида етти йил қаттиқ ишлади. Етти йил ҳам тез ўтиб кетди. Орадан етти йил ўтганидан сўнг, Ёқуб тоғасининг олдига бориб Роҳилани сўради. Лобон розилик бериб, катта тўй ҳам қилиб берди.
Лекин Лобон Ёқубни алдаган эди, чунки у Роҳиланинг ўрнига катта қизи Леахни Ёқубга берди. Эрталаб Ёқуб қараса, Роҳила эмас, Леах унга хотинликка теккан экан. Албатта Ёқуб жаҳил билан тоғасининг олдига бориб, нима учун уни алдаганини сўради. Шунда Лобон, бизда катта қизи турганда кичигини эрга бермайдилар, деб айтди.
Агар сен яна етти йил ишлаб берсанг, Роҳилага ҳам уйланишинг мумкин деб айтди. Ёқуб рози бўлишдан бошқа иложи тополмади. Азиз болажонлар, нима учун Ёқуб билан шундай воқеа содир бўлди? Агар эсингизда бўлса, у ўз акасини алдаган эди. Алданиб қолган инсон эса қанчалик азобланиши мумкин. Мен ўйлайманки, Худованд Ёқубга айнан шу нарсани кўрсатмоқчи эди.
Хуллас Ёқуб тоғасига яна етти йил ишлаб берди. Ёқуб Леахдан кўра Роҳилани қўпроқ яхши кўрарди. Буни кўрган Леах эса қаттиқ хафа бўлар эди. Унинг хафалигини кўрган Худованд эса Леахга кўп фарзандлар берди. Роҳиланинг эса фарзанди йўқ эди. Орадан кўп вақт ўтиб, Худованд Роҳилага ҳам икки фарзанд берди.
Роҳила катта фарзандининг исмини Юсуф, кичкинасини эса Бенямин деб қўйди. Ёқубнинг ҳаммаси бўлиб ўн икки ўғли ва бир қизи бор эди. Ёқуб яна тоғасининг уйида яшаб ишлашда давом этар эди. Худованд унга кўплаб мол-қўйлар берди. Бир куни эса у ўз уйига қайтиш вақти келганини тушунди. У ўз мол-мулкларини олиб, отасининг уйига қараб йўлга тушди.
Йўл давомида Ёқуб акаси Эсов билан қандай учрашиш ҳақида ўйлаб борар эди. Азиз болалар, Худованд ёлғонни ёқтирмайди. Орадан кўп вақт ўтган бўлса ҳам, Ёқубни бир неча йил олдин акасини алдагани қийнар эди. Ёлғон гапириб акасини ва отасини алдагани учун у азобланар эди. Азиз болажонлар, доимо рост гапиришга ўрганинг. Кичкина ёлғон ҳам Худованднинг кўз ўнгида гуноҳдир. Халқимизда бир мақол бор: “Бошингга қилич келса ҳам рост гапир”. Доимо ростгўй бўлинг. Яна радио орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.