2:59

Болаларнинг ўсишига ёрдам 146

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Бугун микрофон олдида мен Ғолиббек. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, халқимизда шундай гап бор: “Бетга айтганнинг заҳри йўқ”.

Нима учун бугунги эшиттиришимизни шу мақол билан бошлаганимизнинг сабаби бор, албатта. Кимдир юзингизга сизнинг хатоингизни айтса, асло хафа бўлманг. Бу нарса фақат сизни тўғри йўлга бошлайди. Лекин юзга айтишни ҳам йўли бор экан. Яъни бақирмай хотиржамлик билан ва унинг хатосини тузатишда ёрдам бермоқчи эканлигингизни тушунтириб айтсангиз, ўйлайманки, ҳар қандай инсон ҳам сизни эшитади.

Лекин қўполлик билан гапириш — орага совуқчилик тушириб, жанжал кўтарилишига олиб келади, холос. Айниқса, ўз фарзандларингиз билан шундай шароитга тушиб қолсангиз, ўзингизни ундан кўра кучлироқман, шунинг учун болани хоҳлаганимча эговлашим мумкин деб, болангизни жаҳлини атайлаб чиқарманг. Сиз ота-она бўлганингиз учун ўз болаларингизга тўғри йўл кўрсатишга ва насиҳат қилишга юз фоиз ҳақлисиз.

Лекин бундай насиҳат қилиш жаҳл устида эмас, ёки бақир-чақир билан бўлиши керак эмас. Айрим ота-оналар ўйлайдики, қаттиқ урушиб, ҳатто калтаклаб турсам, бола доимо мени айтганимни қилишга ўрганади деб. Бундай насиҳат ҳар қандай болани ҳам тўйдириб қўйишига мен шахсан ишонаман. Азиз биродарлар, фақат болаларга эмас, ҳатто катталарга ҳам асло бақиришга ўрганманг.

Биринчидан, бу маданиятсизлик бўлса, иккинчидан, бақириш орқали бировни тўғри йўлга ўргата олмайсиз. Сиз насиҳат қилмоқчи бўлган бола ёки катта киши кар эмас. Шунинг учун бақиришдан кўра хотиржамлик билан айтилган гап уларга тезроқ таъсир қилади. Мени шундай бир дўстим бор. Унинг учта фарзанди бор. Шу биродаримиз болаларига асло бақирмайди, болалар доимо нотўғри иш қилишга мойил.

Ўша биродаримиз болаларининг хатосини кўрсатаётганда, албатта, уларга айтади: “Нима деб ўйлайсан, шу қилган ишинг Исо Масиҳга ёқармикин?” Кўпинча шу саволнинг ўзи болани хатосини тушуниб олиши учун етарли бўлади. Агар, албатта, у масиҳий бола бўлса, шундай саволлардан кейин болаларга нима қилиш кераклигини ва уларнинг хатоларини қандай тузатиш мумкинлигини кўрсатсак, бола учун катта ёрдам берган бўламиз.

Чунки болалар ўзларининг қилган хатоларини охиригача тушунишлари керак. Агар у ўз хатосини тушунмас экан, нимани тузатиш кераклигини ҳам билмайди. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, бола тарбияси бўйича саволларингиз бўлса ёки сизда янги фикрлар бўлса, бизнинг электрон манзилимизга мактуб йўлланг. Бизнинг электрон манзилимиз: dilkash@najot.com Шунинг билан, азиз тингловчи, сизлар билан хайрлашмоқчиман. Яна радио орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top