Ассалому алайкум азиз радио тингловчи. Яна ҳаво тўлқинларида сиз азизлар учун берилиб борилаётган эшиттиришларимиздан бири. Микрофон олдида эса мен Ғолиббек. Ҳар бир масиҳий инсон Раббимизга содиқ аскар каби хизмат қилмоғи керак.
Масиҳий бўлган ҳар бир киши Худованддан: “Эй Эгам, менга қандай хизмат бермоқчисан”, деб сўраши керак. Ҳар биримизда кичик бўлса-да бирон-бир хизмат бўлиши шарт. Муқаддас Китобда айтилгани каби биз фақатгина тингловчилар эмас, балки ижрочилар ҳам бўлмоғимиз керак.
Ҳар қандай шароитда ҳам Раббимизга хизмат қила олишимиз учун бизга нима керак бўлади? Ҳаворий Павлус шундай ёзади: “Эй ўғлим Тимўтий, илгари пайғамбарнинг сен ҳақингда берган кароматларини кўзда тутиб, буларни сенга буюриб топшираман. Ўша кароматларга биноан яхши жангчидек жанг қил.
Имон ва виждон поклигини сақлаб тур. Баъзилар пок виждонни сотдилар ва уларнинг имон кемалари ҳалокатга учради.” Павлуснинг ушбу гапларини диққат билан кузатадиган бўлсак, у жанг қил деганида ёвуз кучлар ҳақида гапирмади. Ёки уларни кимдандир қувиб чиқариш, уларга буйруқ бериш ҳақида ҳам умуман индамади.
Худованд учун жанг қилганимизда олиб бораётган жангимиз фолбинларга ёки фақат ёвуз кучларга қаратилмаслиги керак. Худованд бундай ёвузликлар билан умуман алоқада эмас. Жанг қилиш шундан иборатки, ҳар бир масиҳий киши ўзининг имонини поклигини сақлаши ва имонда мустаҳкам бўлиши деганидир.
Битта сўз билан айтадиган бўлсак, муқаддас ҳаёт кечириши лозим. Ҳаворий Павлус ўзининг сўзларини шундай якунлайди: “Имон учун бўлган улуғ курашда жон-жаҳдинг билан ҳаракат қил, абадий ҳаётни қаттиқ ушлаб тур. Худо сени шунинг учун даъват этган, сен улуғ имонни кўп гувоҳлар олдида очиқ тан олгансан”.
Ҳар бир масиҳий киши жанг қилганида ягона мақсад — Муқаддас каломнинг муқаддаслигини сақлаш учун ҳам кураш олиб бориши лозим. Спортчилар ғалаба қозониш учун тинимсиз шуғулланадилар ва мусобақа бошланганида бор кучи билан ғалаба учун кураш олиб борадилар.
Ҳар биримиз доимо Худованднинг каломини мустаҳкам ўрганиш учун ҳаракат қилайлик, жанг қилиш вақти келганида ғалаба учун бор кучимиз билан ҳаракат қилишимиз учун. Машқ қилиш вақтида қанчалик қийин бўлса, жанг вақтида шунчалик осон бўлади.
Бундай машқ қилиш нафақат ўзимиздаги имоннинг кучли бўлиши учун керак, балки бутун дунёни ва жамоатларни ўзининг ёлғонлари билан тўлдираётган шайтонга қарши кураш олиб боришимиз учун ҳам ас қотади. Яна радио орқали учрашгунча хайр саломат бўлинглар.