3:04

Бошқаларни тинглаш

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна эфирда сиз азизлар учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Микрофон қаршисида эса мен Ғолиббек. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, дунёда шундай гап бор, яъни ўйламай гапирма, деб айтишади.

Азизлар, агар ҳамма билан яхши муносабатда бўлишни хоҳласангиз, бир қоидага амал қилишга тўғри келади. Кимга қулоқ солишни ва кимни тинглашни яхши ажрата билиш лозим. Бир киши шундай деб айтган эди: “Биз инсонларда икки қулоқ ва бир оғиз бор. Шунинг учун биз нима эшитишимиз айтаётган гапларимизга қараганда икки баравар муҳимдир”.

Ёқуб китобининг 1 боби 19 оятида шундай оят бор: “Эй севикли биродарларим, шуни билингларки, ҳар бир одам эшитишда чаққон, гапиришда вазмин, ғазаб вақтида оғир бўлсин”. Ушбу оят орқали Ёқуб бизларга фақатгина тинглаш ёки қулоқ солишни айтмади, балки шу нарсаларга чин кўнгилдан амал қилишимизни ҳам буюрмоқда.

Ҳар бир масиҳий биродар, айниқса хизматчилар яхши қулоқ солувчи бўлиши керак. Бошқаларни тинглаш ҳар бир хизматчи учун жуда муҳим. У қўл остингизда хизмат қилувчи бўладими, ёки ишхонадаги бошқа бир ишчими, фарқи йўқ, уларни дардини ва айтаётган гапларини яхши тинглашга одатланишимиз керак.

Бу нарса кўп муаммоларни ечилишида ва ғийбатларни бошқаларга тарқалиб кетиши учун тўсиқ бўлиб хизмат қилади. Яна кимдир айтган экан: “Кўплаб биродарларимиз сукут сақлашни билмайдилар,” деб. Яъни бу гап билан айтмоқчики, агар кимдир сизга айбингизни айтса ёки хизмат юзасидан бирор камчилигингизни кўрсатса, аввал ўзингни бил, деб айтадиган гапга ўхшаш нарса.

Мен шундай бир инсонни биламан. Агар у билан кўришиб қолсак, умуман гаплашишни истамайман. Сабаб — бирор мавзуда гап бошланса, у умуман сизни тингламайди. Ҳатто сиз гапираётган бўлсангиз ҳам сиз билан баравар гапираверади. Бу биринчидан маданиятсизлик бўлса, иккинчидан сизга нисбатан ҳурматсизлик саналади.

Шунинг учун азизлар, бошқаларни тинглашни яхши билиш лозим. Бошқаларни узоқ вақт фақат тинглаш ҳам у инсонга ёрдам дегандай гап. У инсон балки сизга ўз дардини ёки муаммоларини айтаётгандир. Лекин бошқалар тўғрисида ғийбат қилинса, шу тобда тўхтатиб уни тинглашни истамаслигингизни бемалол айтишингиз мумкин.

Балки бундай жавобдан суҳбатдошингиз хафа бўлар, лекин кейинги сафар албатта сизга бошқаларни ғийбат қилишдан аввал ўйлаб кўришига тўғри келади. Лекин бошқаларда сиз ҳақингизда нотуғри фикр пайдо бўлишига йўл қўйманг. Яъни бошқалар айтмасин, у билан гаплашишдан барибир фойда йўқ, у барибир мени тингламайди, деб. Доимо балансни сақлашга ҳаракат қилинг. Азизлар, яна радио орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top