Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи азиз биродарлар. Сизлар билан яна радио орқали дийдор учрашиб турганимиздан Худовандимизга шукуроналар айтамиз. Бугун микрофон олдида мен Ғолиббек. Ҳурматли ота-оналар, минг афсуслар билан айтамизки, кўпчилик биродарларимиз болаларни руҳий аҳволи ҳақида унчалик қайғурмаймиз.
Уларнинг Худованд билан бўлган муносабатини муҳим деб ўйламаймиз. Лекин Худованд инсонлар каби ўйламайди. Худо Ўзининг болаларга бўлган буюк севгисини Эски Аҳд китоби орқали ҳам бизларга бир нечта оятлар орқали кўрсатган эди.
Масалан: Забур китобининг 33 боби 12 ояти, яна Забур китоби 77 боб 1 оятдан 8 оятгача бўлган жой, Ҳикматлар китоби 28 боб 6 оят. Бундай оятларни Муқаддас Китобдан кўплаб келтиришимиз мумкин. Бундан ташқари, Муқаддас Китобда Худованд Мусо, Самуил ва бошқа буюк инсонларнинг болалигида, уларнинг ҳаётида қандай ишлаганини ҳам кўришимиз мумкин бўлади.
Муқаддас Китобда ота-оналар ўз фарзандларини Худованднинг таълим-тарбияси билан тарбиялаши ҳақида ҳам ёзилган. Шунинг учун ҳар бир ота-она фарзандларининг тарбияси учун Худованднинг олдида катта жавобгарликка эгадирлар.
Янги Аҳд китобидан бизга маълумки, Раббимиз Исо Масиҳ кичкина болаларга қандай ғамхўрлик қилганлиги. Раббимизнинг ушбу кўрсатган ғамхўрлиги ҳақида Марк китобининг 10 бобида ўқиб кўришингиз мумкин. Матто китобининг 21боби 15 ва 16 оятларида Раббимиз Исо Масиҳ айнан болаларнинг олқишларини қабул қилаётганини кўришимиз мумкин.
Албатта, Раббимизнинг болалар учун қанчалик хурсанд эканлигини билишимиз қийин эмас. Исо Масиҳ фақатгина уларни кўриб хурсанд бўлиб қолмади. Раббимиз болаларнинг шифо топиши учун ҳам қайғурди. Азизлар, бундай шифолаш сизларга Муқаддас Китобдан яхши маълум.
Умуман олганда, Янги Аҳд китобида Раббимиз болалар учун кучли қайғурганини кўрамиз. Ҳозирги кунда кўча-куйда кўплаб болаларни учиратишимиз мумкин. Минг афсуслар бўлсинки, уларга Худованднинг севгиси ҳақида айтиб берувчи биродарларимиз деярли йўқ. Шундай экан, азиз биродарлар, келинг, мамлакатимиздаги болалар учун тинимсиз ибодатда бўлайлик.
Агар уларга ёшлигидан Худованднинг севгисини кўрсата олмасак, борган сари уларнинг юраги қаттиқлашиб боради. Бугунги кунда Худованд ана шундай буюк ва шарафли хизматни сиз билан менга топширмоқчи. Ҳар бир масиҳий биродар ҳар куни битта болага Хушхабар айтиб, уларга Худованднинг севгисини кўрсатса, ўйлайманки, Худованднинг мамлакатимиз учун бўлган режаси янада тезроқ амалга ошган бўлар эди. Хайр саломат бўлинглар.