3:21

Болаларнинг ўсишига ёрдам 184

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Яна сиз азиз мухлисларимиз билан радиомиз тўлқинлари орқали бўлсада дийдор учрашиб турганимиз учун Раббимиз Исо Масиҳга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Азиз болажонлар, бугунги эшиттиришимиз орқали сизларга бир ажойиб ҳикояни сўзлаб бермоқчиман. Ўйлайманки, эшиттиришимиз сиз, азиз болажонларга, манзур бўлади. Марҳамат, тингланг. Битта Шоҳ ўз мамлакатида нотаниш бўлиб саёҳат қилишни, одамларни кўзатиб юришни ва улар билан танишишни ёқтирарди.

Бир куни у нотаниш бўлиб кичкина бир шаҳарга келди. Шаҳарга тун чўкди. Ташқари жуда совуқ эди, ва шоҳ тунаш учун ўзига жой қидира бошлади. Чарчаган ва оч қолган шоҳ ҳашаматли ва чиройли уйларнинг дарвозаларини тақиллатиб юрарди.

Ўша уйларда камбағал одамларга ёрдам беришга қодир бўлган бой одамлар яшарди. Энди эса шоҳ билдики, ўша одамлар мағрур ва худбин бўлиб, ҳеч кимга ёрдам беришни хоҳламасликларини. Лекин у барибир уларга шундай имкониятни бермоқчи эди. Кун тобора қоронғилашиб борарди.

Шоҳ қайси эшикни тақиллатмасин, уни ҳамма жойда ҳайдаб юборишарди. Бир жойда у бир бурда нонга эга бўлди, бошқа жойда эса бир жуфт “ширин” сўзга. Уни итдай ҳайдаб юборишарди, ва уни олдида барча эшикларни ёпишарди. Доимо мана шу қашшоқлар юришади-я – деб бақирди бир аёл.

Уларни дастидан бизга тинчлик йўқ, бунга чек қўйиш керак! – деб уришарди иккинчиси, — Бу қашшоқлар шундай жонга тегишди. Эй, қашшоқ, менга қара! – деб бақириб юборди аёл, ва унга қарата бир нарсани отиб, эшигини ёпиб қўйди. У ҳақиқатан ҳам кўчада тунаши керакмиди?

Шаҳар четида бир кичкина уй турган эди. У ерда хотини ва болалари билан бир ўтинчи яшарди. Болажонлар, сизлардан айримларингиз бу қандай касб эканлигини билсангиз керак? Ўтинчи бу исм эмас, бу ўтин тайёрлайдиган одамнинг ишидир.Ўтинчининг оиласи иноқ ва кўнгилчан эди. Бу оилада болалар кўп, шу билан бирга бу уйда етишмовчилик ҳам борлиги аниқ эди.

Бунга қарамай, ўтинчи хотини билан “қашшоқни” яхши кутиб олишди. Улар унга тунаш учун жой ва овқат бериб, меҳр билан унга ғамхўрлик қилишди. Шу кеча ўша оилада фарзанд туғилди ва эр-хотин “қашшоқдан” уларнинг фарзандларига ўкил ота бўлишни сўрашди. Ўкил ота ким эканини биласизларми?

Азиз болажонлар, ҳикоямизнинг давомини ҳамда қашшоқ одам уларга қандай жавоб берганини келаси эшиттиришларимиз орқали билиб оласиз. Шунингдек, интернетдаги www.najot.com сайтимиздан ҳикоянинг тўлиқ матнини ўқиб олишингиз мумкин. Ҳозирча сизлар билан хайрлашиб, барчангизга соғлик омонлик тилаб қоламиз. Саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top