MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна азизлар сиз билан радио тўлқинлари орқали биргамиз. Шундай имконият учун Худовандимизга миннатдормиз. Микрофон олдида мен Ғолиббек.

Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, биз деярли барча эшиттиришларимиз орқали сизларга айтиб ўтамизки, шайтон бир мақсад билан инсонларга ҳужум қилади. Яъни масиҳийларни ўз танлаган йўлидан оздириш.

Албатта у масиҳийларнинг имони мустаҳкам бўлишини истамайди. Шунинг учун ҳам бор кучини ишга солиб танлаган йўлимиздан адаштиришга уринади. Энди бир савол туғилади: шайтоннинг ҳужуми қандай рўй беради? Юқорида айтиб ўтганимиздек, у бизни Худога яқинлашишимизни хоҳламайди.

У доимо ҳалироқ ибодат қиламан ёки бирпастдан кейин каломни ўқийман, мен Хушхабар айтишга ҳали тайёр эмасман деган фикрларни дилимизда пайдо қила олади. Шунинг учун ҳам Муқаддас Каломни ва ибодат қилиш вақтини ситқидилдан бажаришга одатланганимиз маъқул.

Доимо бошқаларга яхшилик қилиш ва Хушхабар айтишнинг пайида бўлишимиз керак. Раббимиз Исо Масиҳ ўлиб қайта тирилганидан кейин ўз шогирдларини олдига чақириб шундай деган эди: “Менга осмонда ҳам, ерда ҳам бутун ҳокимият берилгандир.

Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан сувга чўмдириб, имонга кииртинглар. Мен сизларга буюрган ҳамма нарсага амал қилишга уларни ўргатинглар”. Худога шукур, 2000 йилдан бери тарқалиб келаётган Раббимиз Исо ҳақидаги Хушхабар энда бизга ҳам етиб келди.

Бизлар ҳам охири эмасмиз, балки бошқалар ҳам биздан имоннинг биринчи амалий қадамларини ўрганади. Азизлар, оиламиз, маҳалламиз қолаверса шаҳримизга ва ватанимиз Ўзбекистонга Худонинг Шоҳлиги келсин. Азизлар, ушбу Худо томонидан бизга берилган янги ҳаёт даврида Раббимиз Исо бизларга берган ваъдасини доимо эслаб юрайлик:

“Мана, Мен ҳар куни, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан. Омин”. Азизлар, доимо шуни ёдимизда тутайлик: биз ерда Худованднинг элчиларимиз. Худованд осмондан туриб гапирмайди, аксинча У ердаги элчилари орқали гапириб, одамларни имонга чорлайди.

Шундай экан азизлар, Хушхабарни тарғиб қилиб Худо учун ҳосил келтирайлик. Худо масиҳийлик ҳаётимизда имонимизни янада мустаҳкам қилиб, руҳий ҳаётимизни янада ўзгартиришини ва имонда бизларни ўстиришини Ундан кундалик иботатларимизда сўрайлик. Азизлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз поёнига етиб бормоқда. Яна радио орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top