3:12

Худонинг танлови

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Бугун мен Ғолиббек микрофон олдидаман. Худога шукур, ҳозирги кунда содир бўлаётган қувғинлар ва айрим муаммоларга қарамай, Худованд барча халқлардан Ўзи танлаган инсонларни ажратиб олмоқда.

Бир биродаримиз айтганидек, агар масиҳийнинг ҳаётида ҳамма нарса бир текис кетаверса, инсон ухлаб қолади. Натижада Худо билан алоқа қилишдан тўхтаб қолиши мумкин экан. Балки бу гапда жон бордир. Шунинг учун ҳам ҳозирги кунда бизнинг мамлакатимиздаги муаммолар биродарларимизнинг ухлаб қолишига йўл қўймаётгандек.

Худованд Ўзи танлаб олган инсонларни Ўзининг улуғ мақсадида иштироқ этишларини хоҳлаяпти. Шунинг учун ҳам Худо биродарларимизни ибодатхоналарда бирлаштиряпти, Ўзининг буюк топшириғини бизларга бериш учун. Матто Хушхабар китобининг 28 боби 19 ва 20 оятларида ёзилганидек:

“Шунинг учун бориб барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота,Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан сувга чўмдириб, имонга киритинглар. Мен сизларга буюрган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар.

Мана, Мен ҳар куни, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан”. Жамоатларнинг хизмат олиб бориш усуллари ҳар хил бўлиши мумкин. Лекин асосийси, барчамизнинг мақсадимиз бир. Яъни Эгамиз Худовандга мақтов келтириш ва Унинг номини улуғлаш.

Азизлар, бизда мақсад бор экан, келинг, шу мақсадимизни амалга ошириш учун биргаликда хизмат қилайлик. Ватанимиз ва унда яшаётган одамлар учун, содир бўлаётган айрим муаммолар учун, энг муҳими, ватандошларимизнинг нажотга эга бўлиши учун доимо ибодатда бўлайлик.

Агар Муқаддас Китобга қарасак, у ерда жамоатларнинг усуллари тартиб ва қоидалари ҳақида кам ёзилганини кўришимиз мумкин. Муқаддас каломда ҳам асосан инсонларнинг қалби ва бир-бирига бўлган севгиси ҳақида гапирилади.

Шундай экан, Худо Ўз улуғворлигини дунёга кўрсатиш учун ҳар хил шаклдаги жамоатлар орқали илоҳий умматни бунёд этмоқда. Худованд дунёдаги тўғри таълимотга эга бўлган жамоатлар орқали Ўзининг буюк ишларини амалга оширяпти. Худованднинг шоҳлиги кенгдир ва У Ўзи танлаган инсонларни ҳар хил усуллар билан Ўзининг олдига чақиряпти.

Ҳурматли радио тингловчилар, эшиттиришимизнинг бошида айтиб ўтганимиздек, ухлаб, мудраб қолмаслигимиз учун Худовандга хизмат қилайлик. Юртимизда ҳали нажот ҳақида билмаган кўплаб инсонлар бор, уларга нажот йўлини кўрсатиш учун Худованд мен билан сизни танлади ва Матто китобининг охирги бобидаги 19 оятдаги буйруқларни биз учун берди. Азизлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Яна радио орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top