Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи азиз биродарлар. Сизлар билан яна радио орқали дийдор учрашиб турганимиздан Худовандимизга шукуроналар айтамиз. Бугун микрофон олдида мен Ғолиббек. Азиз радио тингловчи биродарлар, бола тарбиясида бир нарса барчамизни жуда ҳайрон қолдирса ажаб эмас.
Яъни бола уйида нимани кўрган бўлса, шу нарса хоҳ яхши бўлсин, хоҳ салбий таъсир қилувчи омил бўлсин, барибир болага ўзининг таъсирини албатта ўтқазмасдан қўймайди. Ота-онанинг бир-бирига бўлган муносабати, катталарнинг бошқа оила аъзоларига бўлган муносабати албатта болада, унинг руҳида ўзининг изини қолдиради.
Айрим оилаларда яхши одатлар борлигига ҳеч биримизда шубҳа йўқ. Шу билан бирга салбий таъсир қиладиган одатлар ҳам йўқ эмас. Азиз ота-оналар, ўзингизни ёшлигингизни бир эсга олинг. Ота-онангиз бир-бирига қандай муносабат қилган бўлса, айнан шуни сиз ҳам баъзи пайтларда такрорлагингиз келади.
Қўпинча айрим ота-оналар бола тарбиясида қаттиқ адашадилар. Улар ўйлайдиларки, тарбия — бу болага билим бериш ва ўзлари билган айрим маълумотларни ҳам уларга ўргатишдан иборат деб. Аслида эса бу тарбиянинг бир кичкинагина бўлаги, деб айтишимиз мумкин.
Биз мавзуимизнинг бошида бекорга оила ҳақида гапирмадик. Энг яхши тарбия -оилада яхши атмосфера ярата билишдир. Мана шу болалар учун энг кучли тарбия ва энг кучли тарбияловчи ўқитувчи демакдир. Яна масиҳий оилаларда энг кучли тарбия — бу Худованднинг хоҳишини болаларга сингдира олишдир.
Агар бола ёшлигидан Худовандга бўйсинувчи ҳамда художўй бўлиб ўсиб борса, улар катта бўлганларида ҳам Худонинг тарбиясини ҳеч ким буза олмайди. Ҳозирги кунда масиҳий оилалар учун бола тарбияси бир мунча қийинчиликлар туғдиряпти, деб айтишимиз мумкин. Масалан, ота-она уйда болага ажойиб тарбия бериши мумкин.
Лекин бола мактабда бунинг аксини ўрганиши ҳам мумкин. Шундай пайтларда масиҳий ота-оналардан сабр-тоқат ва янада кучлироқ хизмат қилиш талаб этилади. Айрим пайтларда шунга гувоҳ бўламизки, масиҳий болалар мактабда бошқа болаларга қўшилиб, айрим ножўя ишларни қилмагани учун ўртоқлари уларни устидан кулиб ажратиб қўйишади.
Бола эса шундай ҳолатга тушиб қолмаслиги учун уларга қўшилишга мажбур бўлади. Азиз ота-оналар, шундай пайтларда болалар билан жиддий суҳбатлашишга тўғри келади. Бундан ташқари, болалар учун доимо ибодатда бўлинг. Худованд албатта бундай чалкаш йўлдан чиқишни тўғри йўлини кўрсадади. Болаларни доимо қўллаб- қувватланг, токи уларнинг руҳи чўкиб қолмасин. Азизлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Хайр саломат бўлинглар.