Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна сизлар билан радио эфир орқали учрашиб турганимиз учун Отамиз Худовандга миннатдормиз. Бугун мен Ғолиббек микрофон олдидаман.
Ҳар қандай киши тушуниб, Худованднинг олдида ўз гуноҳлари учун тавба қилганида, барибир аввалги қилган гуноҳларини эслаб, юраги азоб чекади. Албатта бу шайтонинг ишидир.
Шундай бўлса-да, тавба кунигача қилиб юрган барча гуноҳларингизни эслаб, Худонинг олдида илтижо қилиб кечирим олишингиз янада яхшироқ бўлар эди. Чунки қилиб юрган гуноҳларингиз қанчалик ифлос, ғаразли бўлса, инсон Худонинг олдида шунчалик қийналади.
Шайтон доимо сизга қилган гуноҳларингизни эслатиб, сизни ҳеч ким кечира олмайдигандек азоблашга уринади. Баъзи пайтларда шундай бўлиши ҳам мумкинки, тавба қилганинигиздан кейин ҳам айрим гуноҳлар баданингизда ҳукмронлик қилаётганига гувоҳ бўлишингиз мумкин.
Бу эса инсонни янада қийинроқ аҳволга солиб қўйиши мумкин. Азиз биродар, бу ерда бир муҳим нарсани билишимиз керак. Ҳар қандай инсоннинг бадани азалдан гуноҳкордир. Шунинг учун ҳам инсон гуноҳ қилишга мойилдир.
Лекин бу дегани бемалол гуноҳ қилиш мумкин дегани эмас. Шунинг учун ҳам асосий муаммо гуноҳ қилиб қўяётганимизда эмас, муаммо бизнинг ўзимизда, бизнинг бутун табиатимиз гуноҳга мойилдир.
Гуноҳ қилиш инсонинг қонигача сингиб кетган. Ҳаттоки бировни алдаш, кимнингдир буюмини сўрамай олиб ўзиники қилиб олиш, баъзи инсонлар учун умуман гуноҳ эмасдек туюлади.
Кўпинча айрим масиҳий биродарларимиз гуноҳ қилиб қўядилар, кейин Худодан кечирим оладилар, бироз вақт ўтиб яна гуноҳ қилишни такрорлашлари мумкин. Албатта Худованд иноятлидир. У доимо инсонларга кечирим беришга тайёрдир.
Лекин бу жойда ўша биродарларимиз гуноҳ қилиш кучидан озод бўлишлари жуда муҳим. Инсонинг гуноҳ қилишга мажбурлайдиган кўплаб омиллар бор. Лекин Худованд бизларни танлаб олганда айнан шу омилларга қарши тура олишимизни жуда-жуда хоҳлаган эди.
Агар инсон доимо гуноҳ қилаверса, Худодан кечирим сўрайверса, нима бўлади? Албатта инсон шундай ҳаёт кечиришга мослашиб қолади. Шунинг учун ҳам азизлар, ҳамма нарсага бошидан чек қўйишни ўрганиш лозим. Доимо ибодатда бўлиш — энг катта кучдир. Яна радио орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.