Ассалому алайкум азиз ва меҳрибон радио тингловчи дўстлар. Эфирда сиз азизлар учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Микрофон олдида мен Ғолиббек. Азизлар, ҳозирги кунда фермер хўжаликлари жуда ривожланиб боряпти. Фермернинг биринчи мақсади — кўп ҳосилга эга бўлишдир.
Албатта фермер уруғ сепишдан олдин ерни яхшилаб ҳайдаши лозим. Илгарги замонларда ерни ўткир ёғоч омочлар ёрдамида ҳайдашган. Ер яхши ҳайдалиши учун ушбу ёғоч билан ерни бир неча марта олдинга ва орқага қараб ҳайдашга тўғри келар эди.
Шундан кейингина фермер ер майдонидан юриб, уруғ сепиб чиқади. Албатта уруғлар қўл ёрдамида сепилгани учун ҳар хил ерларга тушади. Азизлар, келинг бу ерлар қандай ер эканлигини биргаликда кўриб чиқсак. Қаттиқ ер. Ернинг атрофи албатта девор билан ўралмаган, шунинг учун ҳам халқ ернинг бир четидан юриб, ўзига бир йўлакча ҳосил қилишган.
Сепилган уруғлардан айримлари шу қаттиқ йўлакчага тушиб қолиши мумкин. Қаттиқ ердаги уруғлар эса албатта ўсиб чиқмайди. Шунинг учун ҳам кўзи ўткир айрим қушлар ушбу уруғларни чўқиб кетишган. Тошлоқ ер. Ер майдонида тошли ерлар ҳам учраб туриши аниқ.
Сепилган уруғларнинг айримлари шу тош устига тушиб қолиши ҳам аниқ. Тошнинг устини бироз тупроқ қоплаб тургани учун у ерга тушган уруғлар тезда униб чиқади. Чунки қуёш нури уша жойни яхши қиздира олади. Лекин минг афсуски, тошлоқ ернинг тупроғи кам бўлгани учун уруғнинг илдизи чуқурроқ кира олмайди, шунинг учун ҳам уруғнинг ўсишига тўсқинлик қилади.
Тиканли ер. Шунга қарамай, яхши ерда ҳам бошқа бегона ўсимликлар ўсиб чиққан экан. Бу тиканли ўсимликлардир.Тиканли ўсимликлар ҳосилдор ўсимликка қараганда яхши ва тез ўсади. Шунинг учун ҳам тиканли ўсимлик доимо ҳосилдор ўсимликларни бўғиб, ўсишига йўл қўймайди.
Шунинг учун ҳам ҳосилдор ўсимлик жуда нозик ва ҳосил бермайдиган бўлиб ўсиб чиқибди. Яхши ер. Уруғларнинг асосийси яхши ерга тушиб, униб ўсиб чиқибди ва яхши ҳосил берибди. Бу ер яхши ҳайдалган ва тупроқлари майин ва ҳосилдор бўлгани учун ҳам уруғлар яхши ҳосил келтирибди. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар,
Ушбу масал орқали Раббимиз Исо Масиҳ ҳар хил инсонларни тасвирлаб берганлиги аниқ кўриниб турибди. Ушбу масал бизнинг замонамиздаги инсонларга ҳам жуда мосдир. Сабаби, кимгадир Худони сўзини гапирсангиз, бошимни қотирма, мен бундай гапларни эшитмайман деган жавобни олишингиз мумкин. Баъзилар эса ўзининг гуноҳкорлигини тан олади. Лекин ҳаёт ташвишлари туфайли яна аввалги аҳволга тушиб қолаверадилар. Азизлар, келинг шундай биродарлар учун доимо ибодатда бўлайлик. Хайр саломат бўлинглар.