3:17

Хатолар

MP3

Ассалому алайкум. Ҳаётингизга келаётган нохушликларда кимни айблайсиз? Бўлаётган кўнгилсизликларга ким айбдор? Мен бир одам ҳақида эшитгандим. Унинг қилган ишини кўриб, эринмаган банда деб юборган эдим. Аммо кейин ўйлаб қарасам, у тўғри қилар экан. Нима қилади, дейсизми? У уйида муҳим ҳужжатлари орасида АХ деб ёзилган папкани сақлайди. Бу – Ахмоқона Хатолар, дегани. У ҳаётида, ишида қилган ахмоқона хатоларини ўша папкада сақлайди. Қандай хато қилган бўлса, уларни қўлда ўзи шахсан ёзиб, ўша папкада сақлайди. Баъзи-баъзида муҳим қарорлар чиқаришдан олдин, бу хатоларни варақлаб кўради. У менга шундай деган эди: «Нега бу нарсаларни ёзишга вақт сарфладингиз, дейсизми? Буларни ёзишим учун қанчадир вақт кетса ҳам, келажакда, қилишим мумкин бўлган хатолардан сақлайди.

Ҳар сафар қарор чиқаришдан олдин, мана шу папкани вароқлайман, ва қиладиган ишимни яхшилаб ўйлаб кўраман. Яна хато қилиб қўйиб, оилам ва бошқаларнинг олдида ноқулай аҳволга тушиб қолишни истамайман.» У ҳақ гапни айтган эди. Ҳар биримиз ўтган ҳаётимизга қараб, қилган хатоларимиз ҳақида ўйлаб кўришимиз керак. Бу хатолар доимо кўз олдингизда бўлса, кейинги хатоларнинг олди олинади. Ëшликда ким ҳам хато қилмайди дейсиз?! Йиллар ўтиб, киши улғайгач, ўшанда хато қилганини англайди. Ҳаётида бўлган кўнгилсизликлар хатоси туфайли келиб чиққанини тан олади. Ўша пайтда балки бошқа бировни айблагандир. Ҳеч ким хатодан ҳоли эмас. Хатто буюк саркарда Наполеон ҳам ўзи ҳақида шундай деган экан: «Муқаддас Елена оролидаги жангда мағлуб бўлишимизга фақат ўзим айбдорман. Менинг энг ёвуз душманим , бу мен ўзим.»

Америка молия оламида кўзга кўринган шахс Хауэлл ҳақида бир нарса эшитганман: «У танишларидан бирига шундай деган экан: Менинг оилам шанба куни кечқурунга менинг иштирокимда бирор нарса режалаштиришмайди. Чунки ўша куни кечки овқатдан сўнг, мен хонамга кириб, ўз устимда ишлайман. Қилган хатоларим ва ютуқларимни кўздан кечираман. Шу пайтда мен ўз-ўзимдан сўрайман, «Бу сафар мен қандай хато қилдим? »» Бу одам молия оламида кўзга кўринган етук шахс бўлишидан олдин, ишини оддий сотувчиликдан бошлаган. Агар сиз ҳам ўзингиз ҳақингизда, эришган муваффақиятларингиз ва қилган хатоларингиз устида фикр юритишга ўргансангиз, хатолар ўз – ўзидан камайиб бораверади.

Хатто буюк ва машхур одамларнинг ҳам ўзига яраша камчиликлари бўлади. Биласизми Бенжамин Франклин ҳам камчиликлардан ҳоли бўлмаган. У ўзи ҳақида фикр юритар экан ўзида, 30га яқин камчиликни топади. Улардан бири, вақтини бекор ўтказиш, арзимаган нарсаларга ҳижолат бўлиш, баҳслашиш ва гап қайтариш. Франклин бу камчиликларини тузатмаса, ҳаётда муваффақиятга эриша олмаслигини англаб етган. У ҳақидаги маълумотларга қараганда у икки йил давомида ҳар куни ўз камчиликлари билан курашган.

Бизнинг улардан қаеримиз кам?! Биз ҳам ўз хатоларимизни англаб, кейинги сафар шу хатоларни такрорламасликка уринсак, бундан иш чиқмайдими? Сиз ҳам муваффақиятларга лойиқсиз. Кичкина одамлар арзимаган танқиддан ҳам ғазабланадилар. Ақлли ва буюк кишилар бу танқиддан бирор нарса ўрганиб оладилар. Шунинг учун атрофингиздагилар сизни танқид қилишларидан олдин ўз хатоларингиз устида ишлашни бошланг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top