MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи дўстлар. Дастуримизга хуш келибсиз. Микрофон қаршисида мен Зафарбек. Азизлар, сизга маълумки ушбу дастурларимиз орқали сизлар билан бирга Муқаддас Каломдан баъзи оятларни ўқиб қўлимизни дуою-ибодатга очамиз. Азизлар, бугун биз Муқаддас Китобдаги Марк баён этган хушхабаридаги оятларни кўриб чиқамиз. Қани бошладик. Фарзийлар ва Қуддусдан келган айрим уламолар Исонинг ёнига тўпландилар. Улар Исо шогирдларининг баъзилари ҳаром, яъни ювилмаган қўллари билан нон еяётганларини кўриб, таъна қилдилар. Сабабки, фарзийлар ва умуман яҳудийлар ота-боболарининг урф-одатини сақлаб, қўлларини яхшилаб ювмай ҳеч овқат емайдилар. Бозордан қайтганларида ҳам ювинмай овқат емайдилар. Шунингдек, коса, товоқ, қозон, курси ювиш билан боғлиқ кўпгина удумларга риоя қиладилар. Шундай қилиб, фарзийлар ва уламолар Исодан: – Сенинг шогирдларинг нега ота-боболар урф-одатини сақламайдилар? Нима учун ювилмаган қўллари билан нон ейишади? – деб сўрадилар. Исо уларга шундай жавоб берди: – Ишаъё пайғамбарнинг каромати сиз иккиюзламачиларга жуда тўғри келади, мана унинг китобида Худо нима деган: Бу халқ Мени ҳурматлар тилида, Лекин дили эса Мендан узоқдур. Улар Менга беҳудага ўқир санолар, Инсонлар амру таълимин фарз деб”. Сизлар-ку қозон-товоқ чайиш билан боғлиқ ва бошқа яна кўп удумларга риоя қилиб, Худонинг амрини ташлайсиз-у, инсонлар урф-одатини эса пеш қиласизлар. Яна уларга деди: – Сиз ўз урф-одатларингизни деб Худонинг амрларини бир четга йиғиштириб қўйишни боплайсиз-да!  Мусо пайғамбар айтган эди: „Ота-онангни ҳурмат қил”, ва „Ота-онасини ҳақорат қилган мутлақо ўлдирилсин”. Аммо сизлар: Агар ким ота ёки онасига: Менинг сенга ёрдамим қурбон, яъни Худога бағишланган, – деса,  у ота ёки онасига бирон яхшилик қилмаса ҳам бўлади, дейсизлар. Шу билан сиз ўзларингиз ўрнатган урф-одатларингизни деб Худонинг каломини бекор қиласизлар. Ва шунга ўхшаш яна кўп ишларни қиласизлар – деди. Азизлар, ҳалқимиз орасида хам худди шунга ўхшаган кўпгина урф одатлар бизни Худонинг Муқаддаслигидан узоқлаштириши мумкин. Шунинг учун келинг, Худонинг муқаддаслигига қарши чиқадиган урфодатларни аниқлашга ва уларга риоя этмаслик учун қўлимизни ибодатга очайлик. Осмондаги Отажон, бизга абадий хаётни берганинг учун Сендан миннатдорман. Худойим, Сен бизга Муқаддас Сўзингни ва Нажотингни бердинг. Ушбу нажотинг орқали биз Сенга яқинлашамиз. Сен билан муносабатлар қурамиз. Сенга яқинроқ бўлишга жон куйдирамиз. Лекин Худойим, Сен билан яқин муносабатлар қуриш йўлида биз кўпгина тўсқинларга дуч келамиз. Тўсқинларнинг ичида Сенинг номинга доғ соладиган баъзи урф-одатлар ҳам катта рўл ўйнайди. Худойим, шундай урф одатларни аниқлашимизга ёрдам бергин. Худди Исо Масих айтганидек биз хам отабоболаримиздан қолган урф одатларга сиғиниб Сени унутиб қўймайлик. Худойим, нафақат урфодатлар, баълки Сен билан муносабатларимизни бузиши мумкин бўлган барча шайтоннинг ишларидан бизни Ўзинг химоя қилгин. Хар бир олган нафасимиз, айтган гапимиз, қилган ишларимиз фақат Сени улуғлашга қаратилсин. Қаерда бўлмайлик, нима қилмайлик одамлар бизда фақат Сенинг севгингни кўришсин. Худойим, Сенинг исминг улуғлансин. Сенинг шохлигинг келсин. Бизга абадий хаёт берганинг ҳақиқий мўжизадир. Фақат Сен ҳақиқий севги Худосисан. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун сизга катта рахмат. Бордию, савол ва истакларингиз бўлса унда бизнинг www.najot.com сайтимизга мархамат қилинг. Хайир.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top