3:45

Худонинг инояти

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастуримизга хуш келибсиз. Азизлар, сизга маълумки, қуйидаги дастурларимиз асосан ибодатга бағишланган. Дастур мобайнида биз Каломдан оятлар ўқиб севгида чексиз Яратувчимизга ибодат қиламиз. Азизлар, сизга шуни айтиб ўтиш жойизки, бордию ибодат ихтиёжларингиз бўлса бизга мактуб йўлланг, истасангиз, ихтиёжларингиз учун эфир орқали бирга ибодат қиламиз. Азизлар, бугун мен иноят хақида гапирмоқчиман. Биз масихийлар, Худонинг инояти орқали нажот топганмиз.

Худонинг инояти албатта хазрати Исо Масихни хочда қилган ишига чамбарчас боғлиқдир. Чунки, бизни Худо билан яқинлаштирадиган нарса айнан хазрати Исо Масихнинг тўккан муқаддас қонидир. Келинг, Римликлар китобининг бешинчи бобига назар ташлаб, хаворий Павлус иноят хақида нима дейишини кўриб чиқамиз.

Раббимиз Исо Масиҳга бўлган имонимизни инобатга олиб, Худо бизни оқлади ва биз билан сулҳ тузди. Раббимиз Исо Масиҳ Ўзи Худонинг иноят эшигини бизга очиб берди. Биз имонимиз туфайли бу иноятга эришиб, маҳкам турамиз ва Худонинг улуғворлигига эришмоқ умиди билан фахрланиб юрамиз. Бунинг устига, қайғулар билан ҳам фахрланмоқдамиз, чунки қайғу сабр-қаноатни ҳосил қилишини биламиз. Сабр-қаноат эса тажрибакорликни, тажрибакорлик эса умидни ҳосил қилади. Умидимиз бўлса, бизни уятга қолдирмайди. Чунки бизга берилган Муқаддас Руҳ орқали юракларимиз Худо севгисига тўлиб-тошади. Биз ҳали чорасиз бўлганимизда, белгиланган вақтда Масиҳ бетавфиқлар учун ўлди. Бировнинг солиҳ киши учун ўлиши эҳтимолдан узоқдир. Балки ҳимматли киши учун кимдир ўлимга боришга рози бўлар. Лекин биз ҳали гуноҳга ботган чоғимизда, Масиҳ биз учун ўлди. Бу Худонинг бизга бўлган муҳаббатидан далолатдир.

Демак, агар биз энди Масиҳнинг тўкилган қони туфайли оқланган бўлсак, Унинг соясида Худо ғазабидан қутулишимиз янада аниқроқдир. Биз Худонинг душманлари эканмиз, У Ўз Ўғлининг ўлими туфайли бизни Ўзи билан яраштириб қўйди. Энди У билан ярашган бўлсак, Унинг Ўғли ҳаётлиги туфайли нажот топишимиз янада аниқроқдир. Ва бу билан кифояланиб қолмай, балки бизни Худо билан яраштириб қўйган Раббимиз Исо Масиҳ шарофати билан Худодан шодланиб юрибмиз. Ха азизлар, Худонинг бизга бўлган севгиси деб хазрати Исо Масих хочга бориб, биз гунохкорларни Худо билан яраштириш учун муқаддас қонини тўкди. Энди биз бу дунёга эмас, аксинча, Худога тегишлимиз. Азизлар, мен ибодат қилмоқчиман. Истасангиз мен билан бирга ибодат қилинг. Худойим, хазрати Исо Масих Сен белгилаган вақтда биз бетавфиқлар учун ўлди. Унинг ўлими хатто коинотни хам ағдартўнтар қилиб юборди Худойим. Чунки, хазрати Исо Масихнинг ўлими бизга иноятинг эшигини очиб берди. Худойим, Сен нақадар буюк Худосан! Сенга имон келтирган киши нақадар бахтлидир! Худойим, мен хали буни билмаган бандаларинг учун ибодат қилмоқчиман. Уларни кўзини очгин, шайтон уларга хўжайин бўлмасин. Аксинча, улар Сен томон югуриб иноят эшигингни топишсин. Ахир Сен уларнинг юракларидаги эшикни тақиллатмоқдасан. Худойим, очишсин эшикларини. Уларнинг олдига кириб улар билан кечки овқатни бахам кўргин. Худойим, иноятинг мамлакатимизга ёйилсин, шу ерда яшайдиган барча иноятингдан бахраманд бўлсин. Улар хам нажотингни қабул қилиб иноятинг ёмғирида чўмилсинлар. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдим. Омин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top