Ассалому алайкум азиз радио тингловчи ака-ука ва опа-сингиллар. Ибодатга бағишланган дастуримизга хуш келибсизлар. Азизлар, сиз қандай хаёт кечирмоқдасиз? Ушбу саволни беришимдан мақсад, бугунги мавзуимиз Худо йўлида яшаш деб номланади. Келинг, ушбу мавзуни маъносини тўлиқ тушуниш учун Муқаддас Каломга назар ташлаймиз. Азиз хаворий Бутруснинг биринчи мактубидаги тўртинчи бобда Худо йўлида яшаш хақида қуйидаги оятлар келтирилган. Масиҳ биз учун жисман азоб чекиб, ўлди. Сизлар бундан ўрнак олинглар. Чунки жисман азоб чеккан киши бошқа гуноҳ қилишни бас қилади. Энди бу баданда яшаш учун қолган вақтингизни бошқа одамлардай нафсингизни ўйлаб эмас, балки Худонинг иродасини ўйлаб ўтказинглар.
Сизлар ўтмишда мажусийларга ёқиб яшаганлигингиз энди етар. Ўша вақтларда фисқ-фужур, шаҳватпарастлик, сархушлик, айш-ишратлар, кайф-сафолар ҳамда бутпарастлик разолати билан кун кечиргансизлар. Энди эса улар каби юрмаяпсизлар, уларнинг шалоқликлари селига ўзларингизни ташламаяпсизлар. Мажусийлар бундан ҳайрон бўлиб, сизларни ёмонламоқдалар. Улар тиригу ўликларни ҳукм этишга тайёр бўлган Худога ҳисоб берадилар. Ўликларга келсак, улар ҳамма одамзод қатори ўлиб, баданлари жазоланди. Аммо уларнинг руҳи Худога мувофиқ яшасин деб, Инжил Хушхабари ўликларга ҳам етказилди. Энди борлиқ мавжудот охирлаб қолди. Шунинг учун ақл билан иш тутинглар, ибодат қилиш учун ҳушёр бўлинглар. Аввало бир-бирингизни ихлос билан севинглар. Чунки севги кўп гуноҳларни ювади. Ўзаро зорланмай меҳмондўстлик қилинглар. Худо сизларга ҳар турли қобилият берган.
Ҳар бирингиз шу қобилиятингизни ишга солиб, бир-бирингизга хизмат қилинглар, Худонинг бой эҳсонларини парвариш қилувчилар каби кун кечиринглар. Ким сўзласа, Худонинг сўзлари қилиб айтсин. Ким хизмат қилса, Худо берган куч билан хизмат қилсин. Шундай қилиб, Исо Масиҳ орқали Худо ҳар бир иш ва сўзда улуғлансин. Абадий улуғворлик ва салтанат Уникидир. Омин. Азизлар, Худо йўлида юриш жуда қийиндир. Худо йўлида юриш анча куч ва харакатни талаб этади. Лекин бир нарса ёдингизда бўлсин, ибодатсиз Худо йўлида юришнинг хеч иложиси йўқ. Келинг, Худо йўлида юриш учун қўлимизни очиб ибодат қиламиз. Осмондаги Отажон, Масих биз учун жисман азоб чекиб, ўлди. Биз бундан ўрнак олишимизга Ўзинг ёрдам бергин. Биз хам энди гунох қилишни бас қилмоқчимиз.
Қолган вақтимизни бошқа одамлардай нафсимизни ўйлаб эмас, аксинча Сенинг иродангни ўйлаб ўтказайлик. Энди борлиқ мавжудот охирлаб қолди. Шунинг учун ақл билан иш тутиб ибодат учун хушёр бўлайлик Отажон. Қанийди, Сен айтганингдек, аввало бир бирларимизни ихлос билан севсак эди! Ахир севги кўп гунохларни ёмғирдек ювиб ташлайди. Худойим, Сенинг йўлингда яшаш фақат Сен билан бирга амал ошиши мумкин. Фақат Сен бизга яшаш йўлини хазрати Исо Масих орқали намоийиш этдинг. Худойим, бизга севишни ўргат. Ахир севги Сенинг йўлингда яшаш учун энг мухим нарсалардан биридир. Худойим, хаётимизни ўзинг ўзгартир, хаётимиз фақат Сенинг ироданг билан тўлиб тошсин. Хар кунимиз фақат Сенга тегишли бўлсин. Хар бир имкониятни Сенга бўлган ибодатга бағишлайлик. Худойим, абадий улуғворлик ва салтанат Сеникидир. Муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Омин.