Биз ҳар куни ким биландир учрашамиз, суҳбатлашамиз. Кимнингдир ўзимизга бўлган муносабатидан норози бўламиз. Ўзимиз билмаган ҳолда кимнидир ҳафа қиламиз. Ёки аксинча, кимдандир хурсанд бўлиб, кимгадир хурсандчилик улашамиз. Бу ўзаро инсоний муносабатларда жуда кўп ҳолларда оддийгина хато қилиб қўямиз-да, кейин, нега шундай бўлди деб маъюсланиб юрамиз. Бировни айблаб, ўзини фаришта санаш инсонга хос хусусият. Биз ҳаммамиз шунақамиз. Кимнидир мақташдан кўра, уни танқид қилиш осонроқ. Кимнидир танқид қилишдан олдин, унинг бир кун келиб ўзимизга ҳам қайтиб келиши ҳақида ўйлаб кўрайлик. Танқидни алоқачи кабутарга ўхшатиш мумкин. Америка президенти Абрам Линкольн одамлар билан муносабатда бетакрор эди. Унинг одамлар билан муносабатидаги ютуғининг сири нимада бўлган?
Агар унинг атрофидагилар билан мулоқоти усулларини кўриб чиқсангиз, бунинг сири оддийгина танқид қилмасликда эканини тушуниб оласиз. Хўш унинг ўзи ҳам кимнидир танқид қилганми? У ёшлигида танқидий мактублар, шеърлар ёзиб қишлоқ кўчаларига ташлаб кетарди. Мактуб кимга қаратилган бўлса, ўша кишилар ундан ранжишгани аниқ. Кейинчалик бир ходиса сабаб Линкольн умуман танқид қилмайдиган бўлди. Атрофидагилар кимдир ҳақида танқид қилса у: «Уларни танқид қилманг, мазкур шароитда биз ҳам шундай йўл тутган бўлар эдик», дейди.
Сиз кимнидир бошқача одамга айлантиришни истайсизми? Жуда яхши! Ундай бўлса бу ишни ўзингиздан бошланг. Ҳақиқий худбинлик нуқтаи назаридан ўзгаларни ўзгартиришдан кўра бу фойдалироқ ҳам хавфсизроқ.
Балки, ўз ўзингизни такомиллаштириш бир йил вақтингизни олар. Кейин эса бунинг самарасини кўрасиз. Конфуций: «Ўзингизнинг остонангиз тозаланмасдан туриб, қўшнингиз томида қор ётганидан шикоят қилманг», деган эди. Агар биз ўн йиллаб, балки умримизнинг охиригача татийдиган хафагарчиликка мубтало бўлишни истамасак, келинг, ўз-ўзимизни аёвсиз танқид қилиш билан шуғулланайлик.
Атрофдагилар билан муносабатда унутмангки, сиз мантиқий фикрлайдиган хилқатлар билан эмас, балки, эҳтиросли, мағрур, шуҳратпараст мавжудотлар билан мулоқотда бўляпсиз. Танқид эса порох тўла бочкага ўхшаб ғурурни портлатиб юбориши мумкин. Айрим ҳолларда бу портлаш ўлимни тезлаштиради. Шунинг учун мумкин қадар одамлар билан юмшоқроқ муносабатда бўлишни ўрганинг.
Ёшлигида қўрс бўлган Бенжамин Франклин вақт ўтиши билан одамлар билан муомала қилиш санъатини шу қадар ўзлаштирдики, уни Американинг Франциядаги элчиси қилиб тайинладилар. Унинг муваффақияти сири нимада эди? «Мен ҳеч ким тўғрисида ёмон гапирмайман, бироқ одамларнинг яхши жиҳатларини ҳамма жойда айтаман», деган эди у.
Ҳар қандай нодон танқид қилиши, айблаши, норозилигини билдириши мумкин. Нодонларнинг кўплари шундай қиладилар ҳам. Аммо бировни тушунмоқ, ён бермоқ учун кучли ирода талаб этилади. «Буюк шахснинг буюклиги, унинг кичкина одамлар билан муносабатида намоён бўлади», дейди Карлейл. Гаров бойлайман, атрофимиздагиларнинг 99 фоизи кичик одамларга нисбатан менсимай муомала қиладилар. Сиз эса уларнинг хатосини такрорламанг.