Пайғамбар Амос ҳақида кўп маълумотга эга бўлмасак ҳам, унинг башоратидан, яшаган давридан унинг қандай киши бўлганини тахмин қилсак бўлади. Унинг башорати жуда аниқ тартибда ёзилган. У пайғамбарлик қилганида ёзма башоратни ёзмаган. Чунки унинг башорати, ер қимирлашидан сўнг ёзилган. Амоснинг оғзаки башоратлари оғиздан-оғизга кўчиб, охири диний ҳукмрон шаҳсларнинг эътиборини тортган бўлса керак. Амос башоратининг ёзма кўриниши унинг дастлабки оғзаки башоратидан бир оз муҳокама ва қаторларда фарқ қилса-да, ёзма шакли жуда ажойиб кўринишда, аниқ ва чиройли тасвирланган.
Амос башоратининг ёзма шаклини уч қисмга бўлиш мумкин: шернинг наъраси (1.1-3.8), Исроилни айблаш (3.9-6.14) ва Яҳвенинг ҳукми (7.1-9.15).
Биринчи қисми атрофни ўраб турган олти халқни саккиз сабабга кўра айблашни ўз ичига олади. Ҳар бир айблов бир формула билан бошланади: «Уч жинояти учун… ва тўрттаси учун уни кечирмайман». Бу парадигма Эски Ахдда анча кенг ёйилган бўлиб, бу нарса халқларнинг чидаб бўлмас даражада гуноҳ қилганини, бунинг учун Худонинг жазоси кераклигини англатади. Худонинг айблаган халқлари рўйхатига Исроил ва Яҳудияга қўшни бўлган ва қондош бўлган халқлар: Аммон, Мўаб ва Эдомлар ҳам кирган. Бу олти халқни Худо асосан инсониятга қарши гуноҳ қилганликда айблайди. Яҳудияни эса: «Худонинг қонунларини рад этгани ва амрларини сақламаганлик»да айблайди. Исроилни эса яқинига нисбатан таъқиқланган ишни қилганликда ва Худо бўлган муносабатининг нотўғрилигида айблайди.
Уша замондаги халққа бир нарсани, этник яккахудоликни ва бу ғоя асосида фақат биргина этник муносабат бўлиши кераклигини ўргатмоқчи бўлган. Фақат Амос эмас, барча пайғамбарлар ижтимоий адолат ҳар замонда бўлиши кераклиги ҳақида гапиришган. Баъзиларнинг фикрича, пайғамбарлар: «мунгли ва айблайдиган» бўлишган. Улар фаолиятида юқоридаги нарсалар биринчи ўринда, умид эса охирги ўринда турган деб ҳисоблашади. Бугунги кунда эса олимлар бу фикрни рад этмоқдалар. Амос халқнинг қилган гуноҳлари учун Худонинг ғазаби келганини қатъият билан айган экан, шоҳ ва халқ ҳам қилган ишидан пушаймон бўлиб, тавба қилса бўлмасмиди? Улар шундай қилдиларми, аксинча Амосни ўз келган ерига юборишга ҳаракат қилишди. Улар Амоснинг айтган башоратларига чидай олмай, қулоқларини бекитиб олишди.
Худонинг фарзандларимиз. Худо бизнинг айбларимизни айтганида, Исроил халқи каби иш тутамизми, ёки келажак ҳаётимизнинг нурли бўлишига умид қилиб, қилган ишларимизга тавба қилиб, ёмон ишлардан юз ўгирамизми?
Худонинг халқи бўла туриб, маъжусийлар шаҳри бўлган Найнаволиклардан ўрнак олишмади. Найнаволиклар хабарни эшитиб, ўша заҳоти тавба қилишди. Исроил халқи ҳам Худонинг ғазабланганини кўриб, улар бошига келадиган офатни этишиб, Худога юз бурсалар, қилаётган ёвуз ишларидан воз кечсалар бўларди-ку?! Афсуски улар бундай қилишмади. Айнан шунинг учун ҳам Амос китобида айблаш ва ҳукм қилиш муҳим ўринда турган. Амос маросимларга қарши бўлганми? Амос баъзи жойларда Исроилнинг диний маросимларини ёқламаган, шунинг учун ҳам баъзи олимлар Амосни маросимларга қарши бўлган деб хисоблашади.