Хўш, сиз билан учрашган ва суҳбатлашаётган одамни қандай қилиб қизиқтириш мумкин. Бу осон эмасга ўхшайди. Қандай қилиб бунинг уддасидан чиқиш мумкин. Сиз Американинг машхур презденти Теодор Рузвелт ҳақида эшитганмисиз. Унинг қабулида бўлган ҳар қандай киши унинг билимлари серқирра ва кенг миқёсдалигидан ҳайратга тушар эди. Ковбой бўладими, дипломатми Рузвелт ҳаммасининг тилини топа биларди. У бунга қандай қилиб эришган экан? Жавоби оддий, ҳар сафар у кутаётган кишиси ташрифидан бир кун олдин ярим тунгача меҳмонни қизиқтирадиган мавзулардаги адабиётларга кўз ташлаб чиқар эди. Кишининг қалбига йўл топишнинг энг тўғри йўли – у қадрлайдиган нарсалар ҳақида гапириши эканлигини яхши биларди. Йирик университетлардан бирининг профессори болалик чоғидаги бир воқеани эслайди:
«Саккиз яшар чоғим. Таътилни дарё бўйида яшайдиган холамникида ўтказаётган эди. Бир куни ўрта ёшлардаги одам пайдо бўлиб, холам билан илиқ ҳол-аҳвол сўрашди. Кейин бирдан менга эътибор қаратди. Мен қайиқлар атрофида ўйнаб юрардим. Ҳалиги киши қайиқлар ҳақида шунақанги қизиқ гапларни гапирардики, мен лол қолдим. У қайиқлар билимдони сифатида менда зўр таассурот қолдирган эди. Аммо холамнинг айтишича, у адвокат бўлиб, қайиқчилик соҳасига мутлақо даҳли йўқ экан. «Унда нега қайиқлар тўғрисида гапирди?» сўрадим мен. Чунки у маданиятли киши, — деди холам, — сени қайиқлар қизиқтиришини сезди ва кўнгилли таассурот қолдириш учун фақат сенга ёққан мавзуда гапирди. Мен буни бир умрга эслаб қолдим.» Суҳбатдошингиз билан фақат у қизиққан мавзуда гапириш ишбилармонликнинг яхши усулими?
Сиз нима деб ўйлайсиз? Тасаввур қилинг сиз ўз махсулотингизга буюртма олиш учун бир киши билан учрашдингиз, гапни нимадан бошлайсиз, тахминимча, ўзингиз ишлаб чиқараётган махсулотнинг сифати ва унинг нақадар фойдали эканлиги ҳақида. Бироқ бу уни қизиқтирмайди. Сиз бу йўл билан махсулотингизга буюртма ололмайсиз. Аммо, сиз ўз қизиқишларингиз ҳақида эмас, унинг қизиқишлари ҳақида сўз очсангиз, суҳбатдошингизнинг юзлари ёришиб кетганини кўрасиз. Қанчалик вақти тиғизлигига қарамай, у сизга ўз қизиқиши ҳақида соатлаб гапириши мумкин. Бу пайтда эса сиз унда ўзингизга нисбатан яхши фикрларни уйғотиб оласиз. Кимлардир тўрт йил мобайнида эриша олмаган ютуқларга эришишингиз мумкин.
Баъзилар бошқаларда яхши таассурот қолдириш учун, ҳушомад гаплардан гапиришади, баъзилар мақтовлар-кетидан мақтовлар ёғдиради, кимдир эса ёрдам беради. Хушомад суҳбатдошингизни бездиради, айниқса унинг соҳталиги билиниб турса, мақтов эса ҳаммага ҳам бир хил таъсир қилавермайди. Ёрдам ҳам унутилади. Сизга берадиган маслаҳатимиз, одамларга ёқишни истасангиз, қуйидаги маслаҳатимизга амал қилинг. Суҳбатдошингизни қизиқтирган мавзуда гапиринг. Агар у одамнинг нималарга қизиқиши ҳақида билмасангиз, унга яқин бўлган одамлар ёки у билан авваллари ҳамсуҳбат бўлган кишилар орқали сездирмасдан сўраб олинг. У одам билан қизиқиш сизнинг вақтингизни олсада, ишингизнинг унумли бўлишини, суҳбатнинг қизиқарли кечишини ва суҳбатдошингизнинг сизни ёқтириб қолишини таъминлайди. www.najot.com Суҳбатларимизнинг тўлиқ шаклини мана шу сайтдан топасиз.