Бир замонлар Британия империясининг қаҳрамони бўлган моҳир учувчи Росс Смит шарафига уюштирилган зиёфат чоғида бир киши билан ёнма-ён ўтирган шахс қизиқ бир воқеани ҳикоя қила туриб охирида шундай деди: «…ақлимиз бунчалик калталик қилсада, ниятларимиз рўёбини худонинг ўзи охирига етказади…» У хато қилган эди. Шу боис тингловчи ўзининг билимдонлигини намойиш қилиб, унинг хатосини тўғриламоқчи бўлди. Гапирган киши эса ўз сўзида туриб олди. Нима? Шекспирдан? Бўлиши мумкин эмас! Бемаънилик! Бу цитата Инжилга тааллуқли! Тингловчининг ёнида ўтирган киши эса дўстининг оёғини секингига босиб туриб деди: «Дўстим, сиз янглишяпсиз, бу жаноб ҳақ, цитата чиндан ҳам Инжилдан олинган », деди.
Икки дўст зиёфатдан қайтишар экан ҳалиги тингловчи дўстидан сўради: «Ахир сиз бояги кишининг ноҳақ эканлигини билардингизку? Нега билиб туриб, Инжилдан олинган дедингиз?» «Албатта- деди дўстди. – «Гамлет», бешинчи кўриниш, иккинчи саҳна. Бироқ сиз билан биз меҳмонда эдик. Кишининг ноҳақлигини ўша ерда исботлашнинг нима кераги бор? Шундан сўнг у сизга яхши муносабатда бўладими? Нега, унга ўз обрўсини сақлаб қолишга имкон бермаслик керак? Ўзи сиздан фикрингизни сўрагани йўқ. Бунга муҳтож эмас эди. Баҳслашмоқдан не фойда. Ўткир бурчаклардан доимо қочиш керак.» Бу сабоқ ҳалиги кишига жуда зарур эди. Бу сабоқ ҳаммамиз учун ҳам зарур. Чунки орамизда кўпчилик баҳслашишни ёқтирадиган кишилардир.
Улар баҳслашишни ёқтиришади ва ўз фикрида қаътий туриб оладилар. Баҳслашувчиларга бир маслаҳат. Бахслашиш ҳеч қачон сизга фойда келтирмайди. Бахслашувда енгиб чиқишнинг фақат битта йўли бор бу ҳам бўлса баҳслашишдан қочиш. Баҳсда ғолиб чиқиш мумкин эмас. Чунки сиз ютдингизми – демак мағлубсиз. Фараз қилайлик, тортишувда сиз енгиб чиқдингиз, суҳбатдошингизнинг фикрларини чилпарчин қилдингиз. У-чи? Сиз уни ўзингизнинг устунлигингизни ҳис қилишга мажбур қилдингиз, унинг ғурурига шикаст етказдингиз.
Наполеоннинг камердинери Констант императорнинг рафиқаси билан тез-тез билъярд ўйнаб турар ва эсдаликларида шундай ёзган эди: «Ўзим дурустгиан ўйнасам-да, ҳар доим унга мени ютиб олиш имконини берардим, чунки Жозефинага ғолиблик ёқарди» Константнинг бу сабоғини, келинг ўзлаштириб оламиз.
Мижозларимиз, севгилимиз, рафиқамиз, ёки эримиз ўртасида вужудга келадиган майда-чуйда баҳсларда уларга ён берайлик. Нафратга нафрат билан барҳаб бериб бўлмайди. Нафратни муҳаббат билан енгиш мумкин. Англашилмовчиликка баҳс билан ечим топиб бўлмайди, унга дипломатия, ўзаро бир-бирини тушунишга ҳаракат қилиш билан ойдинлик киритиш мумкин. Сиз ва рақибингиз тенг ҳуқуқда бўлган жиддий масалаларда ҳам йўл беринг. Ҳақиқат юз фоиз сиз томондалигини билган тақдирингизда ҳам, ҳатто икир-чикирларида ҳам йўл беринг. Итга тишлатиб олгандан кўра унга йўл берган маъқул. Чунки итни ўлдирган тақдирингизда ҳам баданингизда тишларининг изи қолади. Баҳслашиш сизга фойда келтирмайди. Аксинча кимнидир ўзингизга қарши қилиб қўяди. Демак ушбу қоидани эслаб қолинг: Баҳслашувда устун келишнинг ягона йўли – баҳслашишдан тийилмоқ. Бу қоидага амал қилинг ва асло ютқазмайсиз.