Илёс – бу пайғамбарни эшитмаган имонли йўқ. Унинг қилган мўъжизалари, ишлари Муқаддас Каломда батафсил ёзилган. Илёс исми «Эгам Худодир», деган маънони англатади. У Исроилнинг буюк пайғамбарларидан бири бўлган. Аввалги суҳбатларимизда ўша даврларда пайғамбарлар кўп бўлган деб айтган эдик. Бироқ буюк ишлар қилган, Худонинг каломларини халққа етказган, айнан Худо истаганидек ҳаёт кечирган пайғамбарлар саноқли бўлган. Илёс пайғамбарнинг қандай оиладан бўлгани маълум эмас. У Худо халқи учун кўп қийинчиликларга учраган пайғамбарлардан бири. Илёс ҳақида ўқир эканмиз, унинг ҳам биз каби оддий одам бўлганини биламиз. У ҳам биз каби тушкунликка тушган, биз каби, руҳга тўлган. Бугунги кунда имонлилар Худонинг овозини эшитишни истайдилар.
Ўша пайтдаги буюк пайғамбарлар эса Худонинг овозини эшитганлар. Илёс ҳам Худо овозини эшитган пайғамбарлардан бири. Шоҳ Ахаб билан маъжусий хотини Изабел мамлакатда Баалга сиғинишни жорий қилмоқчи бўлганида, Илёс қаршилик кўрсатганди. Шунинг учун ҳам малика Изабел унинг ортида таъқиб қилди. Худо айтганидек мамлакатда қурғоқчилик бўлди. Худо эса ўз элчисини оч қолдирмади. Дахшатли қурғоқчилик пайтида Илёс ғорга яширинди, қарғалар эса унга егулик олиб келди. Илёс оч қолмади. Кейин эса у Баалнинг худо эмаслигини кўрсатиб қўйиш учун Баалнинг 450та пайғамбарини беллашувга чақирди. Баалнинг пайғамбарлари мўъжиза кўрсата олмадилар.
Илёс Худога келтирган қурбонликдан эса олов чиқиб кетди. Шу мўъжиза сабаб исроил халқи яна Худога қайтиб келди. Баал пайғамбарларининг ҳаммаси қатл қилинди. Аммо Илёснинг қийинчилиги тугамади. Изабел уни таъқиб қилишда давом этарди. У доимо Изабелнинг одамларидан қочиб юриши керак эди. Охири у қайғуга тушди. Тушкунлик ичида у Худодан нолиди. Яшашни истамай қолди. Бу ҳиссиётлар сизга танишми? Биз ҳам баъзида шундай ҳолатга тушамиз, шундай эмасми? Агар тушкунликка тушсангиз, Худо сизни ташлаб қўймаслигини эсга олинг. Илёсда шундай бўлган эди. У доимий таъқиблар ва қийинчиликлардан чарчаб, Худога: «Энди жонимни олақол, яшашни истамайман», — деди. Худо унга қандай жавоб берганини биласизми? Худо унга: «Туриб, танаввул қилиб ол», — деди. Худо Илёсга икки марта таом ҳозирлади. Илёс еб-ичиб, кучга тўлиб, Худо айтганидек Хориб тоғига борди.
Илёс тушкунликдан қутулиши учун Худо унга гапирди, таом бериб ғамхўрлик қилди, кейин эса ундан ҳаракат қилишни, яъни Хориб тоғига боришни амр қилди. Тушкунликдан чиқиш ҳолати босқичма-босқич ифодаланган. Худо Илёсдаги ишончни, умидни яна қайтариш учун уни жисмонан кучга тўлдирди, Хориб тоғига боришни амр қилди ва ўша ерда У Илёсга ўзини кўрсатди. Тушкунликдан чиқиб кетиш фақат Худонинг зиммасида эмас эди. Бунинг учун Илёс ҳам ҳаракат қилди. Худди Илёс каби биз ҳам тушкунликка тушганимизда ундан чиқиб кетиш учун Худонинг амрига бўйсунишимиз керак. Бу Худо учун эмас ўзимиз учун. Худо ҳам Илёсни тушкунликдан чиқариш ва унинг руҳини тетиклаштириш учун тоғда майин шаббода ичида унинг олдидан ўтди. Шундан сўнг Илёс, руҳланиб, умидга тўлиб, Худога хизматини давом эттирди. Сиз У ҳақидаги маълумотни 3 Шоҳлар китобидан олишингиз мумкин.