3:15

Яхши келин бўлиш сири

MP3

Ассалому алайкум. Сиз қизлик уйингизни қолдириб, бутун жисми-жонингизни ўзгага топшириб, сиз билмаган танимаган жойга келин бўлиб тушдингиз. Энди ҳамманинг кўзи, эътибори сизда бўлади. Сизнинг ҳар бир ҳаракатинигиз кузатув остида. Нималар дедингиз, у ёки бу ишни қандай бажараяпсиз, ҳаракатларингиз қандай, ҳамма – ҳаммаси назорат остида бўлади. Жисмингизнинг жами аъзоларини Худо ҳурликда яратди, яъни кўз, қулоқ, қўллар, оёқлар… бари эркин. Аммо таассубки, тил деган нарса кўп ҳадик билдиради. Ëмон тил хоҳлаган кишини бемор қила олади. Яроғ билан одам ўлдирган кимсанинг отини қотил дейдилар. Лекин эру фарзандларнинг асабларини, кайфиятини , юрагини кунда бир неча бор ўлдириб юрадиган аёлга ким деб қараш керак?

Тилингиз юмшоқ бўлсин, ўйлаб, етти ўлчаб сўнг гапиринг. Сиз турмуш ўртоғингиз оиласига қандай муносабат қилсангиз, вақти келиб сизнинг келинингиз ҳам сизга шундай муносабатда бўлади. Тасаввур қилинг, жуфтингиз билан нонушта қилаяпсиз. Шу пайт қайнонангизнинг овози келди: «Яхши бор, болам. Албатта тушлик қилгин, оч юрмагин, болам». Сиз эса жуфтингизга чой узатаётиб: «Ойим укангизни кузатяптилар, омон бўлсинлар, жуда меҳрибонлар-да», дейсиз. Бу гапингиз билан эрингизнинг кўнгли кўтарилади. Сизга бўлган меҳри ҳам ошади. Агар бунинг аксини айтсангиз-чи: «Нега ойим, укангизга ғамхўрлик қиладилар-да, сизга эътибор бермайдилар», десангиз, у ўзини қандай ҳис қилади. Бундай суҳбатлар унинг жонига тегади. Вақти келиб сиз билан ўтириб гаплашишни ҳам истамай қолади. Сиз буни истамайсиз, тўғрими?

Сиз чиройли гапирасиз, жуфтингизга ёқадиган қилиб гапирасиз. Биз эркаклар мақтовга бесуяк бўламиз. Бу эса сизга қўл келади. Шу заифлигимиздан фойдаланиб, ўз ниятларингизни амалга ошириб олманг. Жуфтингизга ҳеч қачон онаси ёки қариндош уруғларини ёмонламанг. Агар унинг оиласидаги кишилардан озорлансангиз, ичингизга ютинг. Обдон мулоҳаза қилгачгина эрингизга сездиринг. Акс ҳолда, сизнинг гапингиз билан эрингиз совиган кишисига қайта исимай қўяди. Кейин қанча ҳаракат қилманг ўрнига келмайди.

Жуфтингиз ишлари, ташвишлари билан бўлиб, опа-сингиллари, укаларини йўқламай қўйди. Бундан хурсанд бўлманг. Аксинча унга опа-сингилларининг туғилган кунларини эслатиб қўйинг. Имкони бўлса, ўзингиз улар учун совға-салом олиб, жуфтингиз билан бирга бориб кўриб келинг.

Бу билан эрингиз сизга ҳеч нарса демаса-да, унинг жигарларига нақадар меҳрибон эканингизни ҳис қилади. Сизга бўлган севгиси ва ҳурмати яна ҳам ошади. Сиз эрингизни суяр экансиз унинг ота-онасини ҳам шунчалик суйинг. Унинг ака-укалари, опа-сингилларига ҳам ҳурматингиз баланд бўлсин. Эрингизнинг шундай яхши одам бўлиб етишишида уларнинг ҳиссаси катта.

Ўғил болалар онасига суйкалувчан бўладилар. Оналар ўғилларига кўпроқ боғланиб қоладилар. Ҳар сафар улар ҳақида ўйлаганда, кўксида меҳр ва фаҳр ҳиссини туядилар. Келинлар оналардаги бу ҳиссиётни ҳис қилишлари керак. Чунки улар ҳам яқин орада она бўладилар. Улар ҳам вақти келиб ўғилларини ўстириб, бир ақлли-хушли қизга топширадилар. Буни осон тутманг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top